Навоийдаги Сентоб қишлоғига «туризм қишлоғи» мақоми берилди
Жорий йил 17 март куни Навоий вилояти Нурота туманида «Сентоб» туризм қишлоғининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Қайд этилишича, қишлоқнинг расман «туризм қишлоғи»га айлантирилиши ушбу ҳудуддаги 200 нафарга яқин ишсиз аҳоли, жумладан, хотин-қизларни доимий иш билан банд қилган.
Тадбирда сўзга чиққан туман ҳокимининг сўзларига кўра, Сентоб қишлоғига мунтазам равишда Англия, Франция, Австрия, Россия ва бошқа давлатлардан хорижий сайёҳлар оқими кузатиляпти.
Ўз навбатида, Маданият ва туризм вазирлиги ҳамда унинг Навоий вилоятидаги бўлинмаси ташаббуси билан Сентоб қишлоғида бугунга келиб 20 та оилавий меҳмон уйи ва 3 ҳостел фаолият йўлга қўйилган. Уларга белгиланган стандартлар асосида меҳмон уйлари номи туширилган кўрсаткичлар ўрнатилди. Айни дамда туризм қишлоғида 15 дан ортиқ туристик хизмат йўлга қўйилган.
Тадбирда Маданият ва туризм вазирлиги мутасаддилари Нурота тумани ҳокими Азамат Файзиевга «Сентоб – туризм қишлоғи» эканлигини расман тасдиқловчи сертификат ва ташаккурнома топширилди.
Маълум қилинишича, туризм инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида қишлоққа олиб борувчи 5 км ички йўл таъмирланди. Шу билан бирга, тунги ёритиш чироқлари, иккита пиёдалар кўприги, иккита селфи ҳудуд, учта санитария-гигиена шохобчаси, Сентоб қишлоғининг рамзий кириш стеллоси, туристик ахборот маркази қурилиб, фойдаланишга шай ҳолатга келтирилди.
Маълумот учун, Нурота тумани Сентоб қишлоғига «туризм қишлоғи» мақомини бериш «2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастури»да белгилаб қўйилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter