Навоийда 9 ёшли қизнинг ўлимига сабаб бўлган ҳайдовчилар қамоққа олинди
Жорий йилнинг 1 июль куни Навоий вилояти Хатирчи туманида 9 ёшли қизчанинг ўлими билан боғлиқ ЙТҲ содир бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Вилоят ИИБ ЙҲХБнинг воқеа тафсилотларини ёзишича, ўша куни фуқаро Н.А. ўзининг бошқарувида бўлган «BYD SONG» русумли автомобилини Хатирчи тумани ҳудудидан ўтувчи 4Р48 автомобиль йўлидан «Зарафшон-Янгирабод» йўналиши бўйича бошқариб бораётиб, ўзи билан бир йўналишда кетаётган фуқаро Ф.А. бошқарувидаги «BYD» русумли автомобиль билан бир-биридан қувиб ўтишга ҳаракат қилиб, ўзаро қувишиб, ушбу автомобиль йўлининг 127-километрида одам ўлими билан боғлиқ ЙТҲ содир этган. Яъни фуқаро Ф.А. аввалига тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан йўлнинг ўнг томонидан чап томонига пиёда кесиб ўтаётган, 2016 йилда туғилган вояга етмаган Ш.Ш.ни туртиб юборган. Сўнгра, фуқаро Ф.А. ўз бошқарувидаги автомобиль билан уриб-босиб ўтган.
Натижада, вояга етмаган Ш.Ш. мазкур йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида олган тан жароҳатлари сабабли ҳодиса жойида вафот этган.
Мазкур холат юзасидан фуқаролар Н.А. ва Ф.А.ларга нисбатан ўша куниёқ Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят иши юзасидан 4 июл куни фуқаролар Н.А. ва Ф.А.ларга нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан айблов эълон қилиниб, шу куни Жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган ва эртаси куни уларга нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Вилоят ИИБнинг маълум қилишича, ҳайдовчи Н.А. сўнгги бир йил давомида 12 маротаба тезликни ошириш, 1 маротаба йўл чизиғи талабларига риоя қилмаслик қоидабузарликларини содир этган. Ҳайдовчи Ф.А. эса сўнгги бир йил давомида бир иш маротаба транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсга топшириш қоидабузарлигини содир этган.
Расмий маълумотда, шунингдек, ЙТҲ натижасида вафот этган вояга етмаган Ш.Ш. ҳақида ҳам маълумот берилади.
Унга кўра, Ш.Ш. 2016 йилда Хатирчи туманида туғилган. Тумандаги 14-сонли мактабнинг 2-синф ўқувчиси бўлган. Онаси М.Ш. «Янгирабод» МФЙда яшовчи бобосиникига бир кун олдин қизалоқни олиб келиб, ўзи Тошкент шаҳрига ишлаш учун кетган.
Бобо ҳамда буви 2010 йилда туғилган ўғли, тумандаги 14-мактабнинг 7-синф ўқувчиси Н.Т. ҳамроҳлигида қизалоқни истироҳат боғига сайрга бориб келишига рухсат берган.
Ҳолатга кўра, 2010 йилда туғилган Н.Т. аввал ўзи пиёдалар ўтиш жойидан ўтган ва бироз ортда қолган, ҳали ўтишга улгурмаган қизалоқни чақирган. Қизалоқ транспорт воситаларининг ҳаракатига эътибор бермасдан, пиёдалар ўтиш жойига югуриб чиққан ва кўнгилсиз ҳодиса содир бўлган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter