Мустақил комиссия Шамшетовнинг ўлими бўйича расмий баёнот берди
7 феврал, сешанба куни Мустақил комиссия аъзолари ҳамда Омбудсманнинг Бухоро вилояти минтақавий вакили жорий йил 4 феврал куни мақсадида 4-сонли Тергов ҳибсхонасида вафот этган марҳум Полат Шамшетовнинг бевақт ўлими сабабларини ўрганиш мақсадида ҳибсхонага борди.
Мустақил комиссия аъзолари 6-минтақавий мувофиқлаштирувчи марказ бошлиғи подполковник Ш.Раджабов, ҳибсхонаси бошлиғи подполковник У.Асадов ва ҳибсхона тиббиёт бўлими бошлиғи майор Н.Пулатов, шунингдек марҳум П.Шамшетов вафот этган куни ҳибсхонада навбатчиликда бўлган тиббиёт бўлими фельдшери катта сержант Д.Темиров ҳамда тартибот ва қўриқлаш бўлими корпус каттаси сафдор Р.Жумаевлар билан ҳолат юзасидан суҳбатлашган.
Шунингдек, қайд этиш ҳужжатлари ҳамда ҳибсхонада сақланаётган шахслар ва хизмат олиб бораётган ходимлар ҳаракатини назорат қилиш мақсадида ўрнатилган видеокузатув камералари ёзувлари ҳам ўрганилган.
Шундан сўнг, Комиссия аъзолари марҳум П.Шамшетов билан ҳибсхонанинг камерасида бирга сақланган шахслар С.Ш. ва М.Б. билан ҳолат юзасидан алоҳида суҳбатлашдилар. Улар марҳум П.Шамшетовга нисбатан руҳий ёки жисмоний тазйиқлар ўтказилмагани, бу ҳақда марҳумнинг ўзи ҳам бирор марта шикоят қилмаганини қайд этишди.
Маълум бўлишича, марҳум П.Шамшетов вафот этгач, ҳодиса жойи Бухоро вилояти прокурори раҳбарлигидаги тезкор-тергов гуруҳи, вилоят ИИБ бошлиғи, суд-тиббий экспертиза мутахассислари, Омбудсманнинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили, марҳум П.Шамшетовнинг адвокати ва яқин қариндошлари ва холислар иштирокида кўздан кечирилган.
Ҳозирда ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Олинган дастлабки маълумотларга кўра, марҳум П.Шамшетов ўпка артерияси тромбоэмболияси, ўткир юрак-қон томири етишмовчилиги оқибатида вафот этган.
Ўрганиш ишлари давом этмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter