Мирзиёев бугун Қирғизистон ва Туркия етакчилари билан музокара ўтказади
Тошкент шаҳрида йирик халқаро тадбир - Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 16-саммити бошланади.
Саммитда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Эрон Президенти Иброҳим Раисий, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Қозоғистон Бош вазири Алихан Смаилов, Покистон муваққат ҳукумати раҳбари Анвар ул-Ҳақ Какар ҳамда ИҲТ бош котиби Хусрав Нозирий иштирок этади.
Президент матбуот хизматига кўра, бугун, 8 ноябрь куни делегациялар Тошкентга кела бошлайди. Президентимиз уларнинг раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказади. Жумладан, бугунга Қирғизистон, Туркия Президентлари, Покистон муваққат ҳукумати раҳбари ва ИҲТ бош котиби билан музокаралар режалаштирилган.
Эртага, 9 ноябрь куни эса олий даражадаги йиғилиш бўлиб ўтади. Унинг доирасида қатор икки томонлама учрашувлар ўтказилиши кўзда тутилган.
Айни пайтда Тошкентда саммит доирасида бешинчи бизнес-форум иш бошлади.
Мазкур анжуман савдо сиёсатини либераллаштириш ва уйғунлаштириш, бизнес юритиш учун харажатни камайтириш, молия инфратузилмаси ва институционал салоҳиятни ривожлантириш, савдо тартиб-тамойилини соддалаштиришга хизмат қиладиган йирик ташаббуслар майдонига айланиши кутиляпти.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter