Марказий банк «Туркистонбанк» ва «Hi-tech bank»нинг лицензиясини бекор қилди
Марказий банк бошқарувининг 2022 йил 7 октябрдаги йиғилишида «Туркистонбанк» ва «Hi-tech bank»нинг банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияларини чақириб олиш ҳақида қарор қабул қилинди.
Қайд этилишича, Туркистонбанк активлар ҳажми бўйича республика банк тизимида 26-ўринни, Hi-tech bank эса 29-ўринни эгаллаган.
Шунингдек, йиғилишда ҳар икки банкнинг «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонуннинг 54 ва 77-моддаларида белгиланган қоидабузарликлар содир этганлиги таъкидланди.
Хусусан, банк активлари бўйича эҳтимолий йўқотишларга қарши етарлича захиранинг мавжуд эмаслиги ҳамда банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги таъкидланди.
Ҳар икки хусусий акциядорлик тижорат банклари жиддий қоидабузарлик учун Марказий банк томонидан жарима қўлланилганидан кейин ҳудди шундай қоидабузарликни такроран содир этилганлиги сабабли лицензияси бекор қилинаётгани айтиб ўтилди.
Марказий банк, шу билан бирга, омонатчи-жисмоний шахслар учун ҳам маълумот берди.
Унга кўра, «Фуқароларнинг банклардаги омонатларини ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида»ги қонунга мувофиқ аҳолининг банклардаги омонатлари Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш фонди томонидан тўлиқ кафолатланганлиги муносабати билан Туркистонбанк омонатчиларининг барча маблағлари, биринчи навбатда, 2 ойдан сўнг тўлиқ қайтарилади.
Аҳолига омонат маблағларини қайтариш Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш фонди томонидан ушбу қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади.
Омонатларни қайтариш бўйича батафсил маълумотни Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 71-200-00-44, 71-236-75-24 ишонч телефонлари орқали олиши мумкин.
Маълумот учун, Туркистонбанк шу кунга қадар Марказий банк Бошқарувининг 2017 йил 21 октябрдаги қарори билан берилган лицензия асосида фаолият кўрсатиб келаётган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter