Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Марказий банк асосий ставкани йиллик 13,5 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди

Марказий банк асосий ставкани йиллик 13,5 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди

Бугун, 31 октябрь куни Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда таъкидланишича, иқтисодиётдаги юқори истеъмол ва инвестицион фаоллик ҳамда айрим турдаги товарлар ва хизматлар таклифидаги ўзгаришлар таъсирида инфляцияни оширувчи босимлар сақланиб қолмоқда.

Инфляциянинг барқарор пасайиб бориши ва ўрта муддатда 5 фоизлик таргет кўрсаткичига эришишини таъминлаш мақсадида пул-кредит шароитларини нисбатан қатъий даражада сақлаб қолиш лозим бўлади.

Макроиқтисодий ривожланиш прогнозлари ва инфляция омиллари бўйича кутилмалардан келиб чиқиб, Марказий банк бошқаруви асосий ставкани йиллик 13,5 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Қайд этилишича, 2024 йил сентябрь ойида умумий инфляция йиллик 10,5 фоизни ташкил этиб, III чорак давомида ўзгаришсиз қолди. Базавий инфляция динамикаси юқори истеъмол талаби, ёқилғи ресурслари нархи ва тарифларини эркинлаштирилишини хизматлар нархларига ўтиши ҳамда айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ошиши таъсирида сентябр ойида йиллик 7,1 фоиз доирасида шаклланди.

Мева ва сабзавотлар ўртача нархларида пасайиш динамикаси давом этиб, умумий инфляцияни пасайтирувчи омиллардан бўлмоқда. Октябрь ойидаги ҳафталик кузатувлар истеъмол товарлари нархларининг нисбатан барқарор бўлганлигини ва ойлик ўзгариш ўтган йилнинг мос давридаги кўрсаткичлардан паст шаклланишини кўрсатмоқда.

Аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари ҳамда инфляциянинг жорий ва прогноз даражаси ўртасидаги тафовут юқорилигича қолмоқда. Сентябрда ўтказилган сўров натижаларига кўра, аҳолининг инфляцион кутилмалари 13,3 фоизни, тадбиркорларнинг кутилмалари эса 12,6 фоизни ташкил этди.

Жорий йилнинг сўнгги чорагида нисбатан қатъий пул-кредит шароитлари таъсирида инфляцион жараёнларнинг маълум даражада пасайиши ҳамда йил якунида умумий инфляциянинг 9,5 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда.

Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2024 йил 12 декабрга белгиланган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг