Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мактабларда ёшларни чақириққа тайёрлаш дарслари учун базалар яратилади

Мактабларда ёшларни чақириққа тайёрлаш дарслари учун базалар яратилади

Ҳукуматнинг тегишли қарори билан таълим муассасаларининг чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик (ЧҚБТ) фани ўқув-моддий базасини 2024-2028 йилларда босқичма-босқич мустаҳкамлаш дастури тасдиқланди.

Унга кўра, 2028 йилга қадар чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик ЧҚБТ фани ўқитиладиган 10,3 мингта таълим муассасаларидан 2 055 тасида синфхоналар тегишли тартибда жиҳозланади.

ЧҚБТ фани ўқув хонасининг ўқув-моддий базаси, жумладан, 1 дона Калашников ўқув автомати (30 дона ўқув патрони билан), 4 дона ўқув гранаталари (мудофаа гранатаси – 2 дона, ҳужум гранатаси – 2 дона), 12 дона ўқув миналари (пиёдаларга қарши – 4 хил турдаги 2 донадан, танкка қарши – 2 хил турдаги 2 донадан) ва пневматик милтиқлар (ҳар бир ўқувчига ўқув йилига 20 дона пневматик милтиқ ўқлари билан) билан таъминланади.

Мазкур ўқув қурол-аслаҳалари фақат тегишли ҳокимликлар ҳисобидан Миллий гвардиянинг техник қўриқлаш пунктлари томонидан қўриқланиши йўлга қўйилган қурол сақлаш хоналари мавжуд бўлган таълим муассасаларида Мудофаа вазирлигининг ҳисобидан чиқарилмаган ҳолда сақланади.

ЧҚБТ чақирилувчиларни ҳарбий хизматга тайёрлаш тизимининг таркибий қисми ҳисобланади ҳамда умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-11-синф ўқувчилари, ўрта махсус ҳамда бошланғич профессионал таълим муассасаларида таҳсил олувчи ўқувчи-ёшлар билан ўтказилади.

Қайд этилишича, ЧҚБТ жараёнида ўқувчилар Қуролли Кучларнинг асосий вазифалари ҳамда умумҳарбий низомлари талабларини, ҳарбий хизмат ва Ватанга қасамёднинг аҳамиятини англаб етади.

Қолаверса, Мудофаа вазирлигига ушбу фан бўйича амалий машғулотлар ўтказилишида ўқув-моддий базасидан фойдаланишлари учун шарт-шароитлар яратиш, ҳамда ҳар йили март-май ойларида ҳарбий полигонларда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, ҳарбий округлар, тизимида таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бошқармалари билан ҳамкорликда таълим муассасаларидаги битирувчи синф ва курслар ўқувчилари (ўғил болалар) билан амалий отиш машғулотлари ўтказилишини назорат қилиш вазифаси топширилмоқда.

Таълим муассасаларида ЧҚБТ фани ўқув дастури бўйича машғулотлар ўғил ва қиз болалар билан биргаликда ўтказилади. Битирувчи синф ва курслардаги ўғил болалар билан ҳарбий полигонларда бир кунлик амалий машғулотлар ўтказиладиган кунда таълим муассасаларида қиз болалар маънавий-маърифий тадбирларга жалб этилади.

ЧҚБТ фани ўқитувчиси лавозимига кўра таълим муассасаси директорининг ўринбосарига тенглаштирилади. Таълим муассасасида ушбу фан ўқитувчилари сони штат бўйича икки нафар бўлган тақдирда, улардан иш стажи ва тажрибаси кўп бўлган ЧҚБТ ўқитувчиси лавозими бўйича директор ўринбосари ҳисобланади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг