Мактабга бориш учун селдан ўтаётган деҳқонободлик ўқувчиларининг сурати тарқалди
«Телеграм»даги «Қўшни маҳалла» каналида мактабга бориш учун селдан ўтишга мажбур ўқувчилар акс этган сурат эълон қилинди.
«Юқорида ҳукмингизга ҳавола этилган сурат — нотинч давлатларда ёки қадим замонларда эмас, Сиз ва биз яшаб турган бугунги кунда Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманидаги Шамоликам қишлоғида олинган.
Суратдаги этик кийган киши — мактаб ўқитувчиси. У ўқувчиларни мактабга (ё уйига) етиб олиши учун бирма-бир дарёдан ўтказмоқда...
Казо-казолар, вазирлар ва амалдорларнинг болалари элита мактабларда, ҳамма шароит муҳайё этилган хоналарда ўқиётган бир пайтда бу қишлоқ ўқувчилари мактабга келиб-кетиш учун ҳар куни дарёни кесиб ўтишга, ҳар куни сув ва сел кечишга мажбур.
Мактаб ўқитувчиларининг айтишича, баҳор, куз ва қиш ойларининг ҳар куни шундай ўтади.
Ёмғир ёққан кун борки, дарёга сел келади. Сел келса болалар қирғоқнинг ё у ё бу томонида қолади. Мактабга келган ўқувчи селдан ўтолмай мактабда қолиб кетадиган ҳолатлар ҳам учраб тураркан...
Кўприкни сув оқизмаган, чунки бу ерда ҳеч қачон кўприкнинг ўзи бўлмаган.
Тасаввур қилинг: сиз ота-онасиз, уйда ё ишда ўтирибсиз, фарзандингизни ўқишга кузатгангиз... тинч-хотиржам ўтира оласизми? Ҳурматли ҳоким бова, вазирликдаги акахонлар, тасаввур қила оласизми, а?», — деб ёзади канал муаллифлари.
P.S: Деҳқонобод тумани ҳокимлиги ахборот хизмати ушбу масалани туман ҳокими Зоир Алиқулов ўз назоратига олганини эълон қилди. Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter