Мактаб ва ОТМларда ҳалолликни ўргатувчи махсус дастурлар ишлаб чиқилади – Акмал Бурханов
Шу кунларда Аксилкоррупция агентлиги раҳбари Акмал Бурханов бошлиқ Ўзбекистон делегацияси Сингапур давлатида бўлиб турибди.
Делегация хизмат сафарида Сингапур Коррупция амалиётларини тергов қилиш бюроси, Бош прокуратураси, PSB Академияси, Ли Куан Ю номидаги Давлат сиёсати мактаби каби ташкилотларга ташриф буюриб, ҳамкорлик бўйича музокаралар ўтказди.
Акмал Бурхановга кўра, музокаралар давомида бир қатор масалаларни муҳокама қилган ва келишувларга эришилган.
«Хусусан, Сингапурнинг коррупцияга оид жиноятларнинг олдини олишга қаратилган чораларни миллий амалиётга татбиқ этиш ҳамда Сингапур тажрибаси асосида ёшлар, шу жумладан, мактаб ва олий таълим муассасаларида ҳалолликни тарғиб қилишга қаратилган махсус ўқув дастур ва қўлланмалар ишлаб чиқиш бўйича келишуврларга эришдик», – дейди Агентлик раҳбари.
Шунингдек:
- Ўзбекистонда замонавий аксилкоррупция механизмларини ишлаб чиқишда Сингапур аксилкоррупция бюроси экспертларини жалб қилиш;
- Сингапур амалиёти асосида хусусий сектор вакиллари ҳамда давлат идоралари молия ва иқтисод соҳасидаги ходимлар учун реал кейслар асосида қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш усулларини муҳокама қилиш ва бу йуналишда стандартларни жорий этиш;
- Ўзбекистон давлат идоралари раҳбар кадрлари учун Ли Куан Ю номидаги Давлат сиёсати мактабида махсус ўқув курсларини ташкил қилиш;
- Давлат хизматчиларини Сингапур тажрибаси асосида қисқа муддатли курсларда малакасини ошириш;
- Ҳамкорликда коррупциявий жиноятларни тергов қилиш бўйича терговчилар малакасини оширишга қаратилган лойиҳани ишга тушириш;
- Прокуратура идораларига ходимларни ишга қабул қилиш ва лавозимга тайинлаш, шунингдек, коррупцияга оид ишларнинг судда кўрилиши ва унда прокурор иштироки бўйича Сингапур тажрибасини ўрганиш ва таҳлил қилиш кабилар юзасидан ҳам музокаралар бўлиб ўтган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter