Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Камида 7 фоиз овоз олган партиянинг депутатлик ўринларига эга бўлиши белгиланяпти

Камида 7 фоиз овоз олган партиянинг депутатлик ўринларига эга бўлиши белгиланяпти

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида депутатлар айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга доир Конституциявий қонун лойиҳасини кўриб чиқди.

Қайд этилишича, Конституциявий қонун лойиҳасида бир қатор янгиликлар ўз  ифодасини топмоқда. Масалан, қонун лойиҳасида сайлов ўтмаган деб топилиши учун 2 та ҳолат санаб ўтилмоқда. Яъни сайловда сайловчилар рўйхатига киритилган сайловчиларнинг ўттиз уч фоизидан ками иштирок этган бўлса ҳамда Қонунчилик палатасига ягона сайлов округи бўйича ўтказилган сайловда иштирок этган сиёсий партияларнинг ҳеч бири сайловда иштирок этган сайловчиларнинг камида етти фоиз овозини тўпламаган бўлса. 

Биринчи ҳолат амалдаги Сайлов кодексида ҳам мавжуд бўлиб, иккинчи ҳолатда, яъни ягона сайлов округи бўйича овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг камида етти фоиз овозини олган партия белгиланган тартибда депутатлик ўринларига эга бўлиши белгиланмоқда. Агар ҳеч қайси партия камида етти фоиз овозни тўпламаган бўлса, сайлов ўтмаган, деб топилиши назарда тутиляпти.   

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Фирдавс Шариповга кўра, «сиёсий партияларнинг ҳеч бири сайловда иштирок этган сайловчиларнинг камида етти фоиз овозини тўпламаган бўлса» сайлов ўтмаган деб ҳисобланиши ҳар икки, яъни ҳам мажоритар, ҳам пропорционал сайловларга ҳам тааллуқли бўлиб қолмоқда.

«Ваҳоланки, ушбу ҳолат фақатгина ягона сайлов округи бўйича ўтказиладиган сайловларгагина алоқадор, бир мандатли сайлов округи бўйича ўтказиладиган сайловларга эса буни алоқаси йўқ деб ҳисоблайман. Яъни, ушбу қисмни қайта таҳрирлаш керак», – дейди депутат.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг