«Жума табриклари» ҳам жавобгарликка сабаб бўлиши айтиляпти. ЎМИ бунга ўз муносабатини билдирди
Бир неча кундан буён ижтимоий тармоқларда диний мазмундаги материаллар, жумладан, жума куни билан ўзаро табрик алмашиш, шунингдек, Қуръони карим оятлари, Пайғамбар алайҳиссалом ҳадислари, Ўзбекистондаги дин уламолари ва имом-домлаларининг маърузаларини тарқатиш ҳам мумкин эмас, деган мазмундаги хабарлар тарқалаётган эди.
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси мазкур хабарларга муносабат билдириб, уларнинг асоссиз эканини айтмоқда.
Жумладан, идора «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуннинг эътиқод эркинлиги кафолатланиши ҳақидаги қоидасини эслатиб, фуқаролар динга эътиқод қилиш, диний расм-русумлар ва маросимларни ўтказиш ҳамда ўз динининг таълимотларини ўрганиш ҳақ-ҳуқуқига эга эканлигини таъкидлайди.
«Шунга биноан мўмин-мусулмонлар учун зарур бўлган диний масалалар расмий электрон манбалар орқали кенг ёритиб борилмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий веб-сайтлари, масжид-мадрасалар, иқтидорли имом-хатибларнинг сайт ва ижтимоий тармоқ саҳифаларини мутолаа қилиш ҳамда улардаги маълумотларни яқинларига улашиш мумкин, жумладан, жума табрикларини ҳам тарқатишга рухсат этилган. Буларга ҳеч қандай таъқиб йўқ», – дейилади муносабатда.
ЎМИ, шу билан бирга, расмий ва етакчи электрон манбалар рўйхатини ҳам илова қилади (тўлиқ рўйхат ушбу ҳаволада).
Шунингдек, Ислом маърифатини тарқатиш, халқимизга дину диёнатни етказиш ва ёшларни илму маърифатли қилиш зиёлилар, хусусан дин пешволарининг энг муҳим вазифаси эканлиги таъкидланади.
Шу маънода, мусулмонларга расмий, ишончли ижтимоий тармоқлардаги диний-маърифий мазмундаги барча маълумотларни мутолаа қилишлари ҳамда яқинларига улашишлари мумкинлиги айтилади.
Ўз навбатида, идора бузғунчи оқимлар ғояларини ўзига жалб этувчи мусиқий оҳанг, фотосурат ёки рамзлар орқали зимдан тарқатилишига қаршилигини билдирган. Экстремистик ғояларни ҳар қандай шаклда ҳоҳ жума табриги бўлсин, ҳоҳ бошқача атрибут ёки сурат шаклида бўлсин, уларни тарқатиш, сақлаш ва фойдаланиш қонунан таъқиқланиши эслатилмоқда.
Маълумот учун, ишончли ва фойдали сайт ва каналлар:
- «Қуръони карим ва тажвид» канали
- «Илм ва одобга оид ҳадислар шарҳи» канали
- ЎМИнинг расмий канали
- Фатво маркази канали
- Муфтий ҳазратларининг расмий канали
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ тарқатиш тақиқланган экстремистик сайт ва тармоқлар рўйхати эълон қилинган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter