ЖПК ҳамда «Судлар тўғрисида»ги қонунга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бугунги мажлисида «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси янги таҳрирда қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳаси билан Жиноят-процессуал кодекс ҳамда «Судлар тўғрисида»ги Қонунга қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда:
- жиноят содир этганликда айбланаётган шахс унинг айби қонунда назарда тутилган тартибда ошкора суд муҳокамаси йўли билан исботланмагунча ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча айбсиз деб ҳисобланиши;
- гумон қилинувчига, айбланувчига ва судланувчига ўзини ҳимоя қилиш учун барча имкониятларни таъминланиши;
- айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши кераклиги;
- гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмаслиги ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкинлиги;
- ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмаслиги;
- агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги;
- шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги.
Депутатлар ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши янги таҳрирдаги Конституциянинг сўзсиз ва тўлиқ амалга оширилишига, унда мустаҳкамланган устувор принципларнинг Янги Ўзбекистон ғоясига ҳамоҳанг тарзда рўёбга чиқарилишига, фуқароларнинг суд орқали ҳимоя қилиниш ҳуқуқи кафолатларини таъминлашга хизмат қилишини таъкидладилар.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter