Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Жойларда ун нархи ошаётгани айтилганди: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги расмий изоҳ берди

Жойларда ун нархи ошаётгани айтилганди: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги расмий изоҳ берди

Ижтимоий тармоқларда, ун ва нон маҳсулотлари нархи ошаётгани ва нархларнинг тез орада «ўз жойига қайтиши» ҳақидаги хабарлар тарқалди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мазкур хабарлар юзасидан расмий муносабат билдириб, аҳолини ун маҳсулоти билан таъминлаш мақсадида ҳар йили Ўзбекистонда 8 млн тонна атрофида буғдой етиштирилаётганини, талаб эса таклифдан 4,4 фоиз ортиқни ташкил этаётганини билдирди.

Шунингдек, вазирликка кўра, сентябр ойида ҳудудлардаги деҳқон бозорларидаги нархлар ўрганилган ва улардаги чакана савдода Россия ва Қозоғистонда ишлаб чиқарилган айрим номлардаги олий ва 1-навли унлар қадоғига қараб – 5 000 сўмдан 7 500 сўмгача сотилаётгани, улгуржи савдода эса – 5000 – 7 000 сўмни ташкил этгани кузатилган.

«Бу нарх ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 200-300 сўмга ошганини (жойларда савдо расталарида эркин нарх белгиланиши оқибатида бундан ортиқ даражада ошганини) кўрсатади. Бунинг сабабларидан бири, Россия ва Қозоғистондан кириб келаётган маҳсулот айланмаси хорижий валютада амалга оширилиши натижаси ҳисобланади.

Бундан ташқари, Қозоғистон томони ун тегирмонларида мавсумий техник кўрик ва санитар тозалаш ишлари учун корхоналарини 15 кунга ёпиши ҳақидаги эълон ҳам мазкур сигментда нарх беқарорлигини келтириб чиқарувчи омиллардан бири бўлди. Бу ҳар йили бўладиган мавсумий тебраниш ҳисобланиб, ўтган йилнинг мос даврида ҳам айни ҳолат кузатилган. 20 кунлик ҳисоботда нархлар нафақат ўз жойига қайтган, балки, тушиш тенденциясини ҳам кўрсатган. Буни бозоримиздаги вазият таҳлили ҳам тасдиқлайди», – дейилади вазирлик изоҳида.

Бундан ташқари, вазирликка кўра, Қозоғистон ички бозорида ҳам нарх ошган ва бу ғалла ўрими бошланаётгани билан изоҳланади. Яъни ўримга қадар омборларда қолган буғдой сотувда камайган. Бундан россиялик трейдерлар ҳам фойдаланиб, вақтинчалик имкониятлар дарчасида нархларни оширди.

Аммо Чикаго биржа бозорида келгуси йил учун ғалла шартномасининг нархи анча пасайиб кетган. Шунга қарамай, Қозоғистонда ўрим бошланиб, ҳосил йиғиб олингач, нархлар барқарорлашиши прогноз қилиняпти. Айни кунларда ноқулай об-ҳаво шароити туфайли ўрим кечикмоқда.

Маълумот учун, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган ун маҳсулотларининг улгуржи нархи, айни кунларда 4 000 – 4 500 сўмни, чакана савдода эса 5 000 – 6 000 сўмни ташкил этмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг