Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Жорий йилги сайловлар аралаш сайлов тизими асосида ўтказилади

Жорий йилги сайловлар аралаш сайлов тизими асосида ўтказилади

Бир муддат олдин Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлисида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Кенгашлари сайлови жорий йилнинг 27 октябрига белгилангани ҳамда бугун, 26 июль кунидан бошлаб сайлов кампанияси бошлангани ҳақида хабар берилган эди.

Қайд этилишича, ушбу сайловлар Конституцияда белгилаб берилган мутлақо янги ижтимоий-сиёсий муҳитда ўтказилади. Яъни, Ўзбекистон тарихида илк бор Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайловлари аралаш сайлов тизими, яъни мажоритар-пропорционал тизим асосида ўтказилади.

Депутатларнинг 75 нафари бевосита мажоритар тизим асосида, яъни сайловчилараниқ шахсларга овоз бериши йўли билан, қолган 75 нафари эса, пропорционал тизим бўйича сиёсий партияларга берилган овозлар асосида сайланишади.

Шунингдек, барча даражадаги сайлов комиссиялари фаолияти, уларнинг сайлов жараёнлари иштирокчиларибилан ўзаро муносабатларитўлиқ рақамлаштирилди. Эндиликда сайлов тартиботларидаги бюрократия, ортиқча вақт сарфи ва ҳужжатлар ҳаракати қисқартирилди.

Сайлов қонунчилиги илғор демократик стандартларга мос равишда тубдан такомиллаштирилди. Жумладан, сайлов органларининг Марказий сайлов комиссияси бошчилигидаги янги тизими жорий этилди, сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодларни кўрсатишда аёлларнинг улуши камида 40 фоизбўлиши белгиланди. Бундан ташқари, депутатликка номзод сайланиш учун сайловчиларнинг нисбий кўпчилиги овозини олиши белгиланди. Унга кўра, номзод тегишли сайлов округида бошқа номзодларга нисбатан кўпроқ овоз тўплаган тақдирда депутат бўлиб сайланиши мумкин бўлади ва шу орқали такрорий овоз беришни ташкил этиш талаб этилмайди.

Қолаверса, сайлов янгиланган Конституция мустаҳкамлаган кучли парламентаризм ва жойларда вакиллик органларининг ваколатлари сезиларли даражада кучайтирилган шароитда ўтмоқда. Хусусан, Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари амалдаги 5 тадан 12 тага, Сенатда эса, 12 тадан 18 тага кўпайтирилди. Парламентнинг ижро этувчи, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва махсус хизматлар фаолияти устидан назорат функциялари кенгайтирилди. Ҳокимларнинг халқ депутатлари Кенгашларига раҳбарлик қилиши бекор қилинди. Давлат ҳаётининг муҳим масалаларини ҳал этишда вакиллик органларининг ролини ошириш мақсадида аввал ҳокимлар ваколатида бўлган 33 та ваколатлар маҳаллий Кенгашларга ўтказилди.

Сайловда Қонунчилик палатасининг 150 нафар депутати, Сенатнинг 65 нафар аъзоси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси 65 нафар депутати, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, 208 та туман (шаҳар) Кенгашлари депутатлари сайланади. Шунга кўра, 30 мингга яқин номзодлар, 90 мингга яқин уларнинг ишончли вакиллари сайлов жараёнида фаол иштирок этиши ҳамда 120 мингдан ортиқ сайлов комиссиялари аъзолари ташкилотчи сифатида, 70 мингдан ортиқ маҳаллий ва хорижий (халқаро) кузатувчилариштироки кутилмоқда.

Сайловнинг мамлакат ҳаётидаги алоҳида ўрнини эътиборга олиб, ушбу жараёнда фуқароларни кенг жалб этиш мақсадида Марказий сайлов комиссияси томонидан 27 октябрдаги сайлов «Менинг танловим – обод Ватаним» шиори остида ўтказилиши эълон қилинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг