Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Иш берувчи ходимини мажбуран ишдан бўшатишга ҳақлими?

Иш берувчи ходимини мажбуран ишдан бўшатишга ҳақлими?

Савол: Ходимдан зўрлик билан ишдан бўшаш ҳақида ариза ёздириб олинса, қандай йўл тутиши керак?

Меҳнат кодексининг 160-моддаси 1-қисмига кўра, ходим номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини, шунингдек муддати тугагунига қадар муддатли меҳнат шартномасини ўн тўрт календарь кун олдин (айрим тоифа ходимларга огоҳлантиришнинг бошқа муддатлари белгиланган) бу ҳақда иш берувчини ёзма шаклда огоҳлантирган ҳолда бекор қилишга ҳақли. Яъни эътибор беринг бу ходимнинг ҳуқуқи экан, ун мажбурлашга йўл қўйилмайди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги 12-сонли «Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши ҳақида»ги қарорининг 15-бандига кўра судлар даъвогарнинг меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги аризани иш берувчининг қистови натижасида берганлиги тўғрисидаги важларини синчковлик билан текширмоқлари лозим.

Aгар меҳнат ҳуқуқларингиз бузилса, тўғридан тўғри фуқаролик судига, ҳудудингиздаги меҳнат инспексиясига, прокуратура ёки адлия органларига мурожаат қилишингиз мумкин. Ёки +99871 200 06 00 (Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ) 1007 (Бош прокуратура) , 1008 (Aдлия вазирлиги).

Савол: 4 нафар фарзандим бор. Айни пайтда бола парвариши таътилидаман. Менга 3 ёшгача бола пули бериладими

МК 405-моддасига кўра, ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин, аёлнинг хоҳишига кўра, унга боласи икки ёшга тўлгунига қадар болани парваришлаш таътили берилиб, бу давр учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда нафақа тўланади.

Лекин ҳали Вазирлар Маҳкамаси қарори чиққани йўқ. Бу муносабатларни ҳозирча «Ишловчи оналарга бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича ойлик нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги Низом тартибга солади. Мазкур Низом бюджет ташкилотларида ишловчи оналарга татбиқ этилмайди. Агар Сиз бюджет ташкилотида ишласангиз, Сизга бола парвариши бўйича ойлик нафақа тўланмайди. Агар бюджетдан ташқари ташкилотда ишласангиз, у ҳолда бола икки ёшга тўлгунга қадар Сизга меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдориннг 60фоиз миқдорида яъни 588 минг сўм  бола парвариши бўйича ойлик нафақа тўланади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 21 октябрдаги 654-сон қарорига 1-илова «Кам таъминланган оилаларни «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали аниқлаш, уларга кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги Низом билан юқоридаги Низомни адаштириш керак эмас.  Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшайдиган кам таъминланган оилаларни «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали аниқлаш ҳамда уларга кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа  ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдамни тайинлаш ва тўлаш тартибини белгилайди. Агар Сизнинг оилангиз кам таъминланган деб эътироф этилса ва болалар нафақаси ва моддий ёрдамни тайинлаш шартларига мос тушсангиз, болалар нафақаси олишингиз мумкин. Болалар нафақаси оиладаги болалар сонидан келиб чиқиб тайинланади. Болалар нафақаси 12 ой муддатга тайинланади, бироқ оиланинг энг кичик ёхуд ягона боласи тегишлича ўн саккиз ёшга тўлган ойнинг охиригача тўланади.

Саволларингизни @xabargayoz_bot га жўнатишингиз мумкин.

Саволларга экспертимиз Муҳаммадамин Каримжонов
жавоб берган

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг