Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Икки денгиз чорраҳасидаги Фетҳие: замонавий туризм ва қадимий тамаддунлар сири

Икки денгиз чорраҳасидаги Фетҳие: замонавий туризм ва қадимий тамаддунлар сири

Туркиянинг туризм шаҳараридан бири бўлган Фетҳие шаҳри Эгей денгизи соҳилида жойлашган. Аммо Ўрта ер денгизи ҳам бу ерга жуда яқин. Бу жойлар икки денгиз чорраҳаси деб аталади ва қулай иқлими ва ривожланган инфратузилмаси ўнлаб мамлакатлардан меҳмонларни жалб қилади.

Шаҳар жуда қадимий. Ушбу манзилларда аҳолиниг муқим яшаганлиги ҳақида милоддан аввалги V асрга оид фактлар мавжуд. Шаҳар дастлаб Телмесс ёки Телмессос деб аталган ва Ликия давлатининг энг катта ва муҳим аҳоли пунктларидан бири бўлган. Ликияликлар ва уларнинг жасурликлари ҳақида эса ҳатто Гомер ўз «Илиада»сида ёзган: улар Трояни юнонлар қамалидан ҳимоя қилишга ёрдам беришган.

Бугунги кунда ҳам «Ликия» номи сақланиб қолган. Яъни Туркиядаги биринчи узоқ масофали пиёда юриш йўлаги ҳисобланган ва хушманзара табиатни ўз ичига олган Ликия йўли Фетҳиедан Анталиягача чўзилган 500 километрлик йўлни қамраб олади. Ҳар йили дунёнинг турли бурчакларидан минглаб сайёҳларни жалб қиладиган Ликия йўли 20 дан ортиқ қадимий аҳоли пунктлари ва шаҳарларни ўз ичига олган тахминан 30 кунлик маршрут билан диққатни тортади.

Қадимий шаҳар ўзининг замонавий номини 1914 йилда биринчи турк учувчиларидан бири Фетҳи Бей шарафига олган. У Истанбулдан Қоҳирага учаётган вақтда вафот этган. Бу Туркия авиацияси тарихидаги биринчи узоқ масофали парвоз бўлиши керак эди.

Фетҳиега қандай бориш мумкин

Самолётда саёҳат уюштирадиганлар Фетҳиенинг ўзида аэропорт йўқлиги сабаб қўшни Даламан шаҳрига учишлари мумкин. У Фетҳиедан тахминан 50 км узоқликда жойлашган.

Қадимий шаҳарга автобусда бориш эса бироз ноқулай, аммо жуда арзон вариант. Истанбулдан 12-15 соатли йўл.

Қачон бориш учун энг яхши вақт?

Фетҳиеда дам олиш мавсуми узоқ давом этади. Аниқроғи, саёҳат қилиш вақти кўп жиҳатдан сайёҳнинг қандай об-ҳаво шароитини ёқтиришига боғлиқ.

Масалан, ноябрдан мартгача доимий кучли ёмғир хавфи юқори бўлади. Апрел ойида эса ҳаво ҳарорати сезиларли даражада исинишни бошлайди: ўртача ҳарорат 20 даражадан ошади. Аммо сувлари чўмилиш учун салқин бўлади.

Денгиз июн ойидан исишни бошлайди – 23 даража. Энг иссиқ ой август ҳисобланиб, ўртача ҳаво ҳарорати 30 даражадан юқори бўлади.

Куз ойлари эса шаҳарда ҳаво ҳарорати бироз тушсада, денгиз ҳали ҳам жуда иссиқ: 27-24 даража атрофида бўлади.

Диққатга сазовор жойлари

Чалиш тумани

Дам олувчилар учун жуда қулай ва идеал. Меҳмонхоналар, хусусий квартиралар ва сузиш ҳавзалари бўлган виллалар ижарага берилади. Пляж жуда яқин. Баъзи меҳмонхоналар қирғоқда жойлашган. Ушбу ҳудуднинг яна бир афзаллиги шундаки, мавсумдан ташқари сайёҳлар кам бўлади, яъни яхши чегирмалар билан таклиф қилинадиган меҳмонхоналар ва уйларнинг катта танлови мавжуд.

Олудениз қишлоғи

Бу ерга бориш қулай: марказдан 15 дақиқа масофада жойлашган.

Олудениз пляжлари нафақат Фетҳиеда, балки дунёдаги энг чиройли пляжлардан бири ҳамдир. Кўм-кўк денгиз, оқ қумлар ва ям-яшил дарахтлар билан ўралган бўлиб, ўз номини саёзлиги ва турғунлигидан олади. Олудениз 2006 йилда дунёнинг энг гўзал пляжи сифатида танланган ва кўплаб мукофотларга сазовор бўлган.

Фетҳие ороли

Орол сайёҳлар оломонисиз тинч дам олиш учун қулай. Аммо бу ердаги меҳмонхоналар бошқаларига қараганда бироз қиммат. Орол, айниқса, қайиқда саёҳат қилишни яхши кўрадиганларни ўзига жалб қилади.

Фетҳие шаҳар музейи

Музей 1957 йилдаги даҳшатли зилзиладан сўнг шаҳарда олиб борилган қайта тиклаш жараёнида топилган антик ва ўрта асрларга тегишли артефактлар билан бойитилган. Дастлаб, экспонатлар тўғридан-тўғри очиқ ҳавода намойиш этилди. 1987 йилда музей биноси қурилди, у ерда ушбу қадимий жойлар тарихига бағишланган тўлиқ кўргазма очилди.

Музей ташриф буюрувчилар учун бепул.

Парклар

Улардан бири – энг каттаси Фетҳи Бей паркидир. Парк 2018 йилда очилган. У қирғоқда жойлашган бўлиб, денгиз ёқалаб сайр қилиш ва гўзал манзаралардан баҳраманд бўлиш мумкин.

Угур Мумжу боғи ҳам машҳур парклардан биридир. Бу вақтни фаол ўтказишни хоҳлайдиганларга кўпроқ ёқади. Бу эрда дарахтлар унчалик кўп эмас, лекин ҳамма жойда горизонтал барлар ва очиқ спорт анжомлари билан жиҳозланган спорт майдончалари мавжуд.

Ликия қабрлари

Қадимги Ликия давлатидан қолган муҳим археологик ёдгорликлардан бири бу Ликия қабрларидир. Улар нафақат Фетҳиеда, балки бутун қирғоқ бўйлаб – Мармарисдан деярли Анталиягача жойлашган. Бироқ, энг нафис ишланган қабртоларни шу ерда учратиш мумкин.

Олудениз-Кидрак табиат боғи

Фетҳиедан атиги 10 км узоқликда жойлашган кичик курорт қишлоқча номи билан аталган. Бу денгиз, тоғлар ва ўрмонларнинг учрашадиган жойи.

Тоққа канат йўли орқали чиқилади. Агар кўнгил янаям тепароқни истаса, яна бир осма йўл бор. Бу сайёҳни денгиз сатҳидан 1800 метргача бўлган баландликка олиб чиқади. У ерда эса атрофнинг ажойиб манзарасини кузатиш учун майдонча бор.

Экстремал спорт ишқибозлари ундан ҳам баландроқ (1969 метр) – Бабадағ чўққисига кўтарилишлари мумкин. Чўққида ҳаво ҳарорати, ҳатто ёзда ҳам салқин ва шамолли бўлади.

Бу жойлар парапланда учишни севувчиларнинг маскани.

Капалаклар водийси

Водий парапланда учишлари билан машҳур бўлиб, мамлакатдаги табиат ва кемпинг туризмининг энг муҳим манзилларидан биридир. Бу маскан Бабадағ этагида жойлашган бўлиб, уч томондан тоғлар билан ёпилган. Ушбу географик жойлашув туфайли Капалаклар водийсига бориш осон эмас.

Водий капалакларнинг кўплиги туфайли шу номни олган. Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, бу ерда капалакларнинг юздан ортиқ тури учрайди..

Кабак кўрфази

Мовий денгиз ва ям-яшил ўрмон ўртасида жойлашган Кабак кўрфази Фетҳие кўрфазлари орасида энг машҳури бўлишига қарамай 1980 йилларга қадар саёҳат қилинмаган ҳудуддир. Ликия йўлида жойлашган бу кўрфазга тик ёнбағирлардан пиёда, шахсий транспорт ва қайиқларда бориш мумкин. Аладере шаршараси ҳам айнан шу кўрфазда жойлашган.

Сакликент дараси

Сакликент дараси18 километр узунликка узанган, айрим жойлари 300 метр чуқурликкача бўлган жарликлар, сув йўллари ва каньонлардан иборат.

Гўчек

Гўжек ҳозирда яхта туризмида брендга айланган. Бу жой табиий манзараси ва тиниқ денгизи билан сайёҳлар эътиборини торади.

12 орол

Фетҳие портидан ҳар куни 12 орол саёҳати ташкил қилинади. Мазкур оролларда Фетҳиенинг энг гўзал ва ҳушманзара жойларини томоша қилиш мумкин.
Масалан, Ҳамам кўрфазида денгизга тушиш ва сув ости дунёсини томоша қилиш мумкин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг