Ичкиликка мубтало бўлган актриса қисмати
Болливуд киносида бетакрор роллари билан ажойиб из қолдирган актрисалар бири Мина Кумари ҳисобланади. Унинг иштирокидаги фильмлар бугунги кунда ҳам севиб томоша қилинмоқда. Ваҳоланки, Мина Кумари жуда эрта – ўттиз тўққиз ёшида ҳаётдан кўз юмган. У Ҳиндистон фахри сифатида танилган, «Энг яхши аёл роли учун» Filmfare Award мукофотининг тўрт карра совриндори эди. Мина Кумарининг маъюс кўзлари ва маҳзун қиёфаси миллионлаб қалбларни ўзига мафтун этган.
Яшаш учун... пул!
Мина Кумари – ҳақиқий исм-шарифи – Махжабин Бано 1932 йилнинг 1 августида Бомбейда таваллуд топган. Отаси Али Бакш мусиқачи, онаси Иқбол Бегим эса раққоса ва актриса эди.
Бўлажак актриса оилада ягона қиз бўлмай, оилада Хуршида ва Мадху ҳам бор эди. У бор-йўғи тўрт ёшга тўлганида отаси жиддий касал бўлди ва даволаниш учун ишини ташлаб, Панжобга кетди. Орадан бир йил ўтиб, оиласи билан Бомбейга қайтганида барча маблағи сарфлаб бўлинган эди. Бомбейда уларнинг на дўсти, на яшаш учун пули бор эди.
Иқбол Бегим оилани таъминлаш учун фильмларда суратга туша бошлади. Аммо у тўнғич қизини турмушга узатмоқчи бўлганида аламли сўзларни эшитди: «Бу қиз чиройли бўлиши мумкин, аммо нима қилганда ҳам у актрисанинг қизи». Иқбол Бегим қаттиқ хафа бўлди ва қизларининг келажагини ўйлаб актрисаликни тарк этди. Қизлари уни қўллаб-қувватлашди, чунки онанинг саломатлиги ҳам яхши эмас эди.
Махжабин тўрт ёшида Prakash студиясида ишлай бошлади. Опаси ҳам санъат йўлидан кетган эди. Махжабин саҳнада пайдо бўлганида Хуршида аллақачон актриса бўлиб танилган эди.
Хуллас, опаси ортидан сингилнинг ҳам машҳурлик синовидан ўтиш гали келди. Продюсер Вижай Бхатт бу кичкинтойга Беби Мина деб исм қўйди ва унинг иштирокида фильмлар суратга бошлади.
Минани яхши билганларнинг айтишича, болалигида меҳр-муҳаббат етишмаслиги ва атрофидаги кишиларнинг шахсий манфаатпарастлиги жажжи Махжабинга салбий таъсир қилган. Бошқа тенгқурлари ўйнаб, югуриб юрган пайтда Минанинг яшаш учун пул топишга жалб этилиши дунёқарашининг нотўғри шаклланишига сабаб бўлганди. «Мен бутун умр бахтсиз яшаш учун туғилганман», деб ўйларди қизалоқ.
Гўё тақдир барча бахтсизликлар воситасида синаб кўриш учун уни танлаган. Шу тарзда Мина умрининг охиригача қисматидан зорланишни ўзининг севимли машғулотига айлантирди. Бу эса кейинчалик уни ҳалокат сари етаклади.
Оқила, мулоҳазакор ва маъюс
Мина Кумари туғма актёрлар сафига кирган. Унинг истеъдоди таърифга сиғмасди. Ўзига берилган ролни кутилгандан аъло даражада ижро этар, режиссёрлар Мина билан ишлашни омад деб билардилар. Улар актрисанинг маъюс нигоҳидан фойдаланишар, кетма-кет шундай ролларга таклиф қилишарди. Томошабинлар ҳам гўё маҳзун қаҳрамонларга ташна каби кинозалларига ёпирилиб келишарди.
Аслида бундай ролларни Мина Кумарининг ўзи танлаганми ёки унга мутаносиб равишда махсус ижодий жамоа иш олиб борганми, аниқ айтиш мушкул. Нима бўлганда ҳам, мазкур жараён унинг шахсий ҳаётига монанд тарзда кечарди. Ахир, кўплаб артистлар умри уларнинг ролларидан келиб чиқади, бу ўзлари ижро этаётган қаҳрамонлар феъл-атворининг уйғунлашуви, акс-садосига айланади гўё. Ҳаётдаги муайян вазиятлар йўналтириш нуқтаси бўлади.
Мина Кумари ҳаётда жуда кўп азоб чекди. Бу ситамларни ўз хатти-ҳаракатлари орқали экранда намоён этди. У ҳеч кимга ўхшамаган драматик роллари ва оғир ҳаёти туфайли оммавий ахборот воситалари ҳамда адабий манбаларда «Фожиалар қироличаси» дея тилга олина бошлади. Мина оғир хотираларига оид кечинмасини ролларида жонлантирар, буларнинг барчаси экрандан жим қараб турган дақиқаларида маъюс кўзлари орқали ўз ифодасини топарди.
У оқила аёл, мулоҳазакор актриса, айтиш жоизки, ҳиссиётларини улкан туйғулари ила экранда очиб берадиган шоира ҳам эди. Минанинг ботинидаги дард-аламлари назмдаги ижодида акс этар ва овозидаги маъюс оҳанг билан уйғунлашиб кетарди.
Актриса ич-ичидан жўшиб чиқадиган ажойиб овозга эга эди. Унинг расмий жиҳатдан маълумоти йўқ эди, шунга қарамай, ўз даврининг энг ўқимишли ва зиёли актрисаларидан бири саналарди. Мина урду, ҳинд ва инглиз тилларида шеърлар ёзган. Бунга мустақил ўқиш, билим орттириш орқали эришган.
Эркаклар...
16 ёшида Мина сценарийнавис ва режиссёр Камол Амроҳи (1918–1993) билан танишди. Уларнинг никоҳи жўшқинликка тўла уч йилга чўзилди. Биргаликдаги ҳаёт эса 1952–1964 йилларни қамраб олди.
Шубҳасиз, Камол Амроҳи Минанинг актриса сифатида истеъдоди ўсишига ёрдам берди, бироқ ундаги аёлликни «ўлдирди» ҳам. Натижада актриса умумқабул қилинган кўплаб меъёрларни менсимай қўйди. Ҳатто, шу тарзда ўзининг оилавий ҳаётини ҳам барбод қилди. Улар ажрашишди.
Мина бошдан-оёқ оқ либосда юришни яхши кўрарди. Уйда пардоз-андоз қилмас, тақинчоқлар ҳам тақмасди. Турли кечалар, тўй-ҳашамларга оддий оқ сарида ташриф буюрарди (ҳиндларда оқ сари мотам либоси ҳисобланиб, бева аёллар кияди). Актриса сочларини йиғиб юрар, севимли машғулоти эса гулдасталар тайёрлаш ва боғда куймаланиш эди.
Мина болаларни севган, аммо ўзи бепушт эди. Шунинг учун бўлса керак, у кўпгина фильмларда кичкинтойлар билан бирга ўйнаган.
Камол Амроҳи билан никоҳига дарз кетган актриса Гулзор билан муносабатларини боғлади. Фақат шу лаҳзаларгина «фожиалар қироличаси» ҳаётининг умидсизлик билан интиҳо топмаган энг яхши саҳифалари ҳисобланади. Афсуски, унинг бу дўсти ва устози Гулзордан ҳам айрилиш вақт-соати ҳам етди. Шундан сўнг Мина аллақандай кишилар билан кўзга ташланмайдиган, ўткинчи муносабатлар ўрнатди. Актрисанинг охирги «шаҳзода»си эса Дхармендра бўлди. Бу уларнинг ҳаётидаги энг зиддиятли бобларни ташкил этди.
Дхармендра Мина Кумарини илк бор кўрган пайтини яхши эслайди. Ўшанда у ҳазиллашиб Дхармендранинг қулоғидан чўзиб қўйганди. Дхарм худди қиз боладек дув қизариб кетди. «Нега қизариб кетдингиз?» – деб сўради Мина. «Ўзим, – жавоб берди Дхарм, – шунчаки қоним кучли айланади». Унинг Мина Кумари билан юлдузли жуфтлиги «Тош ва гул» (Phool Aur Patthar, 1966) каби бир нечта фильмларнинг суратга олинишига замин яратди.
Айтишларича, Дхармендранинг Мина Кумарига нисбатан муҳаббати соф бўлмаган. Буни актриса илғаган эди.
Минанинг шахсий ҳаёти ўнгланмади ва у ичкиликка берилди. Гап шундаки, Камол Амроҳи билан ажрашганидан сўнг тушкунликка тушган Минага врач оз-оздан бренди истеъмол қилишни, бу уйқусини яхшилашини айтган эди. Аммо актриса бу «малҳам»ни ичишни кўпайтириб юборди.
1968 йилда Минанинг саломатлиги шу қадар ёмонлашдики, уни Лондондаги энг яхши шифохонага юборишга тўғри келди. Врачлар актрисани дам олишга ундадилар, бироқ у Ҳиндистонга қайтгач, кинода суратга тушишни давом эттирди.
Ҳеч кимни севмай, ҳеч ким учун яшамай...
Мина Кумари «Жаноб, хоним ва хизматкор» (Sahib Bibi Aur Ghulam, 1962) фильмидаги унутилмас роли бўлмиш шўрпешана Чоти Баби туфайли ичкиликка ружу қўйган деган миш-миш юрарди. У экранда бош қаҳрамон Раҳмоннинг ичкиликка боғланиб қолган хотинини гавдалантирган. Чоти Баби йўлдан адашган эрини уйда ушлаб туришга ҳаракат қилади, аммо ўзи ароқхўрликка берилиб кетади.
Гарчанд Минанинг шахсий ҳаёти издан чиққан бўлса-да, кинода роль ўйнашда давом этди. Унинг иштирокидаги «Шарада» («Sharаda»), «Паринита» («Parineeta») каби фильмлар машҳур бўлди. Айниқса, «Арти» («Aarti»), «Main Chup Rahoongi», «Dil Ek Mandir», «Кажол» («Kajal») ва «Тош ва гул» киноасарлари кетма-кет хитга айланди.
Умуман, 1939–1972 йиллар мобайнида Мина 99 та фильмда суратга тушди. У саккиз марта нуфузли мукофотга номзод қилиб кўрсатилган бўлса, юқорида айтилганидек, тўрт карра муносиб тақдирланди.
Мина Кумари ҳеч қаёққа чиқмасдан тўрт девор орасида ўтирадиган оддий ҳинд аёли бўлмаган. У актриса эди. Аммо ҳинд киносининг биринчи хоними бўлган Мина ўзини-ўзини ҳалок қилди. У ҳеч кимни севмас, ҳеч ким учун яшамасди. Минанинг оиласи ҳам, фарзандлари ҳам, севимли инсони ҳам йўқ эди...
«Фожиалар қироличаси»нинг роли баркамол аёллар ҳаётини ҳам акс эттирарди. Масалан, «Шардa» фильмида унинг қаҳрамони ўзи севган инсон (Раж Капур)га турмушга чиқади. Бу аёл умр йўлдошини улуғвор деб англайди.
Мина Кумари «Озод», «Мери хоним» ва «Shararat» фильмларида ҳам ёрқин роллар яратди. Гарчанд у кўз ёшларга ғарқ бўлиб юрса-да, замонавий машҳур Мадҳубала каби энг яхши таклифлар беришарди.
Кино Мина учун ҳаёт ва... ўлимга айланди.
Ва интиҳо...
Минанинг саломатлиги сезиларли равишда ёмонлаша бошлади. Кўнгилсизлик ва ичкиликка алоқадор гап-сўзлар киноиндустрия доираларида айланиб, актриса эса тобора азоб-уқубатларга гирифтор бўлаверди. Касаллик зўрайди ва унинг ташқи қиёфасида акс этди. Оқибатда Мина кинодаги фаолиятига нуқта қўйди. Бироқ у киносиз ҳам яшай олмасди. Шу боис, «Жавоб», «Душман» фильмларида характерли роллар яратди. Ҳатто, умрининг сўнгги дамларида Гулзорнинг «Сени излайман» («Mere Apne») номли киноасарида энг яхши ролларидан бирини ижро этди. Мина унда ҳафсаласи пир бўлган ёш йигитнинг онаси тимсолини гавдалантирди.
Мина Кумари айни ўлимидан олдин узоқ (14 йил) кутилган «Покиза» (1972) фильмидаги иштирокини ҳам якунлади. Мазкур киноасарни режиссёр Камол Амроҳи суратга олди. Афсуски, «Покиза» актрисанинг ўлимидан сўнг бир неча кун ўтгач, экранларга чиқди. Мазкур киноасар, шубҳасиз, хитга айланди. «Покиза» Мина Кумарининг турли воқеалар, гўзал ролларига қоришган фаолиятидан кейинги барча лойиҳаларидан фарқли ўлароқ энг эсда қоларли фильм бўлиб қолди.
Унинг ҳаёти эса бахтли якуни бўлмаган битмас-туганмас фожиали роллардан иборат эди.
Айни ўша дамда Минанинг юрагида... ёриқ борлиги аён бўлди. Бу касаллик кинодаги фаолиятига узил-кесил нуқта қўйишга мажбур қилди. У, шунингдек, Кишор Кумар билан омадсиз никоҳига боши билан шўнғиган эди, бу муаммолар гирдоби актрисани ўлимига қадар ўз комига олди.
1972 йилнинг 31 март куни Бомбейдаги Авлиё Елизавета госпиталида комадан чиқмаган Мина Кумари ҳаётдан кўз юмди. У тузалмас касаллик – жигар циррози билан вафот этган эди...
А.Фатҳуллаев
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter