Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳали бу ерлар лолазор бўлади

Ҳали бу ерлар лолазор бўлади

Фото: «XDP.uz»

«У яна сарғайган қирларга боқди, кичик воҳа тубида ҳансираб ётган қишлоққа боқди, лекин кўнглида азалги андуҳни туймади, андуҳ қайгадир учиб кетгандай эди. Тўлиқди, тўлиққани баробар Ошнога эшиттирмай секингина шивирлади: ҳали бу ерлар лолазор бўлади!..».

Жом қишлоғида туғилиб вояга етган атоқли адиб Мурод Муҳаммад Дўстнинг «Лолазор» романидаги ушбу жумлалар адибнинг ўз юртига бўлган чексиз муҳаббати яққол намоёнидир.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган «Обод қишлоқ» дастури бутун Ўзбекистон аҳлини қувонтириб юборди. Самарқанд вилояти Нуробод туманидаги Жом қишлоғида ҳам ана шу дастур асосида қайта таъмирлаш ишлари кенг кўламда бошлаб юборилган. Мақсад – қишлоқ аҳли учун худди шаҳардагидек шароит яратиш.

Фото: «Uza.uz»

Жомдаги Мактабгача таълим ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида ўқувчилар ҳунармандчилик, ахборот технологиялари, жисмоний тарбия, тикувчилик ва мактабгача таълим йўналишида таҳсил олади, бундан ташқари, бу ерда тўртта умумтаълим мактаби, битта қишлоқ тиббиёт маскани аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда.

Ҳозирда Жом ҚФЙ таркибида «Жом», «Гардиқўрғон», «Тегирмонбоши», «Омондара», «Дўстлик», «Сарикўл» маҳалла фуқаролар йиғинлари бўлиб, уларда жами 32 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади.

Жом қишлоғи мамлакатимизнинг энг йирик аҳоли масканларидан бири ҳисобланади. Қишлоқнинг юқори қисми – Омондара ҳудудида Қорахонийлар томонидан ХI асрда барпо этилган Ғиштбанд сув омбори бўлиб, бу ҳудуддан топилган қазилма материалларининг ёши 3 минг йиллик тарихга эга эканлиги исботланган ва бу топилмалар ҳозирда Самарқанд музейида сақланмоқда. Дарвоқе, ўтган йили Ғиштбанд сув омбори қайта қурилиши учун республика бюджетидан 3 миллиард 200 миллион сўм ажратилди.

Тарихий маълумотларга кўра, Жом қишлоғининг номланиши бўйича уч хил таъриф мавжуд. Биринчиси – жойлашиш ўрни жомга ўхшаганлиги сабабли, иккинчиси – «жом» сўзи форсчадан олинган бўлиб, алоқа маъносини англатар экан, яъни қадимда Тошкент – Самарқанд – Кобул – Қандаҳор ва Бухоро – Тошкент – Шаҳрисабз йўналишида Буюк Ипак йўлини боғловчи вазифасини ўтаган, учинчиси – ҳазрат Абдураҳмон Жомий номи билан боғланган.

Археологлар томонидан Жом қишлоғи атрофидан жез даври буюмлари топилган, бундан ташқари, қадимги қабристон қазиб ўрганилган. Топилмалар орасида пардоз-андоз буюмлари, жумладан, турли жез ойначалар, тўғноғичлар, тақинчоқлар ва бошқа буюмлар бўлган.

Нуробод туманининг шарқий ҳудудидаги тоғлар бағридан бошланган бу қишлоқ Қашқадарё вилоятининг Улус чўллари билан туташиб кетади. Тоғлардан қазиб олинаётган мармар сифатли қурилиш хом ашёси ҳисобланади. Жом қишлоғининг меҳнаткаш аҳолиси азал-азалдан ғаллачилик ва чорвачилик билан шуғулланиб келадилар.

– Қишлоғимизда ободонлаштириш ишлари бошланмасдан олдин февралнинг охири ва март ойи бошларида Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан тузилган ишчи гуруҳ Жиззах вилоят Дўстлик туманидаги Манас қишлоғига юборилди, – дейди биз билан суҳбатда Жом маҳалла фуқаролар йиғини вакили Ирисқул Дониёров. – У ердаги ташкил этилган иш жараёни билан яқиндан танишиб қайтгач, вилоят ҳокимлигида йиғилиш ўтказилди ва барча вазифалар қисқа муддатларда бажарилиши мўлжалланиб, ишлар тақсимланди.

Қисқа муддат ичида Самарқанд – Қарши йўлининг Жом қишлоғидан ўтган қисмидаги 3,5 км. узунликдаги электр линиялари учун янгидан бетон устунлар ўрнатилиб, симлар тортилди, учта трансформатор подстанциялари ва 1763 хонадоннинг эскирган электр симлари янгисига алмаштирилди.

Қишлоқда алоқа хизматларини жорий этиш мақсадида «Beeline», «UzMobile» мобил алоқа корхоналарининг ишлаб турган база станциялари қайта реконструкция қилинди, UMS ва СОSCOM уяли алоқа компаниялари томонидан база станциялари ўрнатиш ишлари бошлаб юборилди.

– «Ўзбектелеком» АК Самарқанд филиали томонидан ҳам Жом қишлоғида кўзга кўринарли ишлар амалга оширилди, – дейди филиал директори Мансур Алиев. – Қишлоқдаги «UzMobile» база станциясига Switch қурилмаси ўрнатилиб, Нуробод РТС ҳамда Жом қишлоқларида ўрнатилган радиореле станциялари орқали 20 Мбит/с. тезликдаги тармоқ ташкил қилинди. Корхонамиз ходимлари томонидан «Обод қишлоқ» дастури бажарилишига ҳисса қўшаётганимиздан мамнунмиз.
Ҳа, бугун Жомда ҳаёт қайнамоқда. Ўзгаришлар катта, муҳими, халқнинг кайфияти юқори, келажакка ишончи баланд.

Абдуғафур Ҳотамов, «Xabar»нинг Самарқанд вилоятидаги мухбири

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг