Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Глобал исиш 2100 йилга бориб ўнлаб шаҳарларни сув остида қолдиради

Глобал исиш 2100 йилга бориб ўнлаб шаҳарларни сув остида қолдиради

Сув тошқинларининг умумий биосферага баъзи фойдали томонлари  бўлса-да, инсоният учун табиий офатларнинг энг ҳалокатли турларидан бири бўлиб келган. Бу минглаб ўлимлар ва миллиардлаб долларларга тенг моддий зарар деганидир. Глобал исиш, денгиз сатҳининг кўтарилиши ҳамда ички сув тошқинларининг кўпайиши дунёнинг турли нуқталарида одамлар ҳаётига хавф солмоқда. Бу эса худдики, табиат инсонларнинг шафқатсиз муносабатига жавобан ўч олаётгандек туюлади.

Бугунги кунда музликларнинг ортиқча эриётгани, асосан, инсон омили, аниқроғи ҳавода карбонат ангидриднинг кўпайгани билан боғлиқ.

Автотранспорт воситаларидан чиқаётган чиқиндилар ва бошқа иссиқхона газлари ҳавога кўтарилиб, қуёш иссиқлигининг коинотга қайтишига тўсқинлик қилади. Натижада ҳарорат кўтарилади ва музликлар эрийди.

Олимларнинг фикрига кўра ,агар, ҳозирги тенденциялар давом этадиган бўлса, 2100 йилга бориб Лондон, Дубай, Бангкок, Амстердам, Гамбург, Хошимин, Янги Орлеан ва Манила каби ўнга яқин шаҳарларни сув босиши мумкин. Ушбу санаб ўтилган шаҳарлар денгиз сатҳи кўтарилганда энг кўп жабр кўрувчилар рўйхатининг аввалида санаб ўтилган. Яқин 80 йил ичида денгиз сатҳи бугунги кунга нисбатан 1,1 метрга юқори бўлиши тахмин қилинмоқда. Бу эса юқоридаги шаҳарларда яшовчи миллионлаб инсонларнинг ҳаёти хавф остида эканлигини англатади.

Музликлар дунё экотизимининг ривожланишида ҳал қилувчи рол ўйнайди. Бугунги кунда  йирик муз қояларининг аста-секин эришини тўхтатиш учун қайсидир даражаларда ҳаракат қилиняпти. Аммо, амалга оширилаётган ишлар етарли бўладими ёки йўқми номаълум. Ҳозир вазият даҳшатли бўлиб туюлса ҳам, агар инсоният курашдан воз кечса, яқин келажакда бундан ҳам даҳшатли фалокатларга олиб келиши мумкин.

Жавоҳир Алиқулов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг