Фаровон ҳаёт пойдевори! – «Микрокредитбанк» ребрендинг ўтказди
Жорий йил 26 август куни Тошкент шаҳридаги «Hyatt Regency» меҳмонхонасида «Микрокредитбанк» АТБнинг ребрендинг тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда «Микрокредитбанк» меҳмонлари, журналист ва блогерлар, шунингдек банкнинг фаол мижозлари иштирок этишди.
Маросимда банкнинг янги логотипи, унинг фалсафаси ва қўлланиши ҳақида видео материаллар тақдим қилинди.
Унга кўра, янги логотипдаги «М» ҳарфи бу «Микрокредитбанк» сўзининг бош ҳарфини, яшил рангдаги элемент тўғри танлов, барқарорлик, бирлик, муваффақиятни, иккита кўк элемент пойдевор ва мустаҳкам ишончни, яшил ранг – ўсиш ва ривожланишни ҳамда кўк ранг эса мукаммаллик ва тараққиётни ифодалайди.
МКБАНК – бу янги бренд номи сифатида «Микрокредитбанк»нинг қисқа номланиши ҳисобланади.
Янги шиори – «МКБАНК – Фаровон ҳаёт пойдевори!»
Тадбир давомида «Микрокредитбанк»нинг шу кунга қадар босиб ўтган йўли ва эришган ютуқлари, банк ўз олдига қўйган янги ривожланиш стратегияси ва келажакдаги режалари, кутилаётган трансформация жараёнлари ҳамда 2022-2025 йилларда амалга оширилиши кутилаётган лойиҳалар ҳақида ҳам тақдимот бўлиб ўтди.
Шунингдек, банк сайти ҳам янгиланган кўринишда ишга туширилди.
Эслатиб ўтамиз, «Микрокредитбанк» акциядорлик-тижорат банки Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 5 майдаги ПФ-3750-сон Қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг «Акциядорлик тижорат банкини ташкил этиш тўғрисида»ги 78-сонли қарори билан ташкил этилган.
«Микрокредитбанк» АТБ Ўзбекистондаги йирик тижорат банкларидан бири бўлиб, республика бўйича 71 та филиал, 91 та банк хизматлари марказлари, 150 та 24/7 кўринишидаги махсус кассалар, 143 та халқаро пул ўтказмалари шохобчалари, 155 та валюта айирбошлаш шохобчалари тармоғига эга. Ўрнатилган банкоматлар сони 2020 йилда 102 донани ташкил этган бўлса, ҳозирги кунда бу кўрсаткич 529 тага етказилган.
Асосий кўрсаткичлар бўйича эса «Микрокредитбанк» республика банклари орасида 2020 йилдаги 12-ўриндан бугунги келиб 8-ўринга кўтарилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter