Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ФАОнинг янги лойиҳаси деградацияга учраган ерларни тиклашга ёрдам беради

ФАОнинг янги лойиҳаси деградацияга учраган ерларни тиклашга ёрдам беради

Мутахассислар фикрига кўра, табиий ресурслардан оқилона фойдаланмаслик, агротехник тадбирларни нотўғри ўтказиш ер ва яйловларнинг таназзулга учрашига – эрозияланишига сабаб бўлмоқда. Чорва молларининг тартибсиз боқилиши қум ва чанг бўронлари кўтарилишига, ўрмонларнинг йўқолиши, тупроқларнинг шўрланишига олиб келмоқда. Куни кеча Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти томонидан амалга оширилиши бошланган (ФАО) «Ўзбекистоннинг қурғоқчиликка учраган экотизимларида яйловлар ва ўрмонларни барқарор бошқариш» янги лойиҳасининг Мувофиқлаштирувчи қўмитаси йиғилиши бўлиб ўтди.

ФАОнинг ушбу лойиҳаси ҳосилдорликни ошириш ва деградацияга учраган ерларни тиклаш учун ер ва ўрмон ресурсларини бошқаришнинг инновацион усулларини жорий этади, бу эса ер деградациясининг нейтрал мувозанатини сақлашга имкон беради.  

Ўзбекистонда 20 миллион гектардан ошиқ ҳудуд чўлланишга қарши кураш чораларини талаб қилади – бутун мамлакат бўйлаб ерларнинг деградацияси кузатилмоқда. Айниқса Бухоро ва Навоий вилоятларининг туманлари ҳамда Амударё ва Сирдарё дарёлари ҳавзаларининг паст текисликлари бу жараёнлардан энг кўп зарар кўрган ҳудудлар ҳисобланади.

 –Лойиҳа 5 йил ичида амалга оширилади. Бухоро вилоятининг Жондор ва Навоий вилоятининг Нурота туманлари ландшафтлари лойиҳа ҳудуди сифатида танлаб олинган. Бу ҳудудларда ердан фойдаланишнинг комплекс режаларини жорий этиш, фермерларнинг салоҳияти, билим ва кўникмаларини ошириш, ердан фойдаланишни мониторинг қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилади, – деб таъкидлади  лойиҳанинг бош техник маслаҳатчиси Нариман Нишонов. – Шу билан бирга, яйловлардан фойдаланиш шароитларини яхшилашда гендер мувозанатини сақлашга алоҳида эътибор қаратилади. Ер деградациясининг миллий кўрсаткичларини яхшилаш, жаҳон миқёсида тан олинган кўрсаткичларни миллий даражага уйғунлаштиришга катта эътибор қаратилади. Бундан ташқари, биз ер деградациясининг нейтрал мувозанатига эришиш учун соҳада ресурсларни сафарбар қилишга кўмаклашамиз.

Глобал экологик жамғарма (GEF) томонидан молиялаштириладиган ушбу лойиҳа мамлакатнинг ер деградациясининг нейтрал мувозанати бўйича мажбуриятларини бажаришни мақсад қилган. Яъни Ўзбекистонда ер ва ўрмон ресурсларини барқарор бошқариш ва ландшафтларни тиклаш бўйича илғор тажрибаларни жорий этади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг