Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Европа Иттифоқининг бош дипломати Ўзбекистонга келмоқда

Европа Иттифоқининг бош дипломати Ўзбекистонга келмоқда

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили, Европа комиссияси вице-президенти Кая Каллас бугун, 27 март куни Ўзбекистонга ташриф буюради. Бу ҳақда ЕИ делегацияси матбуот хизмати маълум қилди.

ЕИ бош дипломати 27 март куни, аввало, Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида ўтказиладиган Европа Иттифоқи – Марказий Осиё вазирлар учрашувида қатнашиб, унга раислик қилади.

Вазирлар машваратида жорий йил 3-4 апрель кунлари Самарқандда бўлиб ўтадиган илк Европа Иттифоқи – Марказий Осиё саммитига тайёргарлик, Россиянинг Украинага босқинининг минтақага таъсири, транспорт ва рақамли ўзаро боғлиқлик, муҳим бўлган хомашё, энергетика ва сув ресурслари, савдо, халқлар ўртасидаги алоқалар, таълим каби мавзулар муҳокама этилади.

Кая Каллас Ашхободда Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳаммедов билан учрашади.

Шундан сўнг ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили, ЕК вице-президенти Тошкентга ташриф буюради. Европалик юқори мартабали меҳмон президент Шавкат Мирзиёев ҳамда ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан мулоқот ўтказади.

Бу 2024 йил 1 декабрдан ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили, Европа комиссияси вице-президенти вазифасида иш бошлаган Кая Калласнинг Ўзбекистонга илк ташрифидир.

Ташриф дастурига кўра, Кая Каллас 28 март куни Қозоғистонда президент Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳамда ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу билан ҳам учрашади.

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил 12-18 март кунлари Марказий Осиё турнеси доирасида юртимизда ЕИнинг халқаро ҳамкорлик бўйича комиссари Йозеф Сикела ҳам меҳмон бўлганди. Ташриф якунида Тошкентда «Марказий Осиёда рақамли ўзаро алоқадорликни ривожлантириш бўйича Европа жамоаси ташаббуси» доирасида ЕИ томонидан молиялаштириладиган икки стратегик лойиҳа бўйича келишув имзоланди.

Маълумот ўрнида, жорий йил 3-4 апрел кунлари Ўзбекистон мезбонлигида илк минтақавий саммит бўлиб ўтади. Олий даражадаги машваратда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон етакчилари ҳамда Европа кенгаши раҳбари Антониу Кошта ва Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен қатнашади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг