ЕИ элчиси Янгиобод конида радиоактив материаллар тарқалишини камайтириш ҳақида гапирди
Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан ҳамкор дипломатлар билан бирга ҳаёт ва тараққиёт учун экологик хавфсиз шароит яратиш бўйича ишлар олиб борилаётган Янгиободдаги уран мероси иншоотларига ташриф буюрди.
ЕИ делегацияси хабарига кўра, иншоотга ташриф мобайнида ЕИ молиялаштираётган, БМТ Тараққиёт дастури ва ЕХҲТ томонидан амалга оширилаётган лойиҳа ҳақида маълумот берилди.
«Уран конини тиклаш бўйича саъй-ҳаракатлар атроф-муҳит учун хатарларни бартараф қилиш ва илгариги қазиб чиқариш, қайта ишлаш ва уранни кўмиш бўйича фаолият билан боғлиқ бўлган аҳоли саломатлигига йўналтирилган энг муҳим ташаббуслардан ҳисобланади. Ушбу ҳаракатлар радиоактив материалларни тарқалишини камайтириш, атроф-муҳитнинг янада чуқур деградацияга дучор бўлишини олдини олиш ва яқин атрофдаги аҳоли қўрғонларини ҳимоя қилиш мақсадида ер участкаларини тозалаш ва тиклашни қамрайди», – дейди ЕИ элчиси Ш.Адриан.
Дипломатга кўра, ЕИ Ўзбекистон ҳукуматини мазкур муҳим вазифани ҳал этишда қўллаб-қувватлашдан ва ишларни жадаллаштиришга содиқлигини кўришдан мамнун. Тикланишнинг комплекс стратегиясини жорий қилиш орқали урандан заҳарланишни узоқ муддатли оқибатларини юмшатиш, ердан барқарор фойдаланиш, маҳаллий ҳамжамият учун янада хавфсиз ва соғлом келажакни таъминлаш кўзда тутилган.
Янгиободдаги уран кони 40 йил мобайнида 1980-йилларга келиб қазиб чиқариш тўхтатилганича ишлатилган. Фойдали қазилмалар очиқ қазиб олиниши ва ишқор ишлатилиши атроф-муҳит ифлосланиши, радиоактив ва заҳарли чиқиндилар пайдо бўлишига олиб келган.
Тикланиш ишлари конлар ёпилиши, ташландиқ иншоотларни бузиш ва бўшаб қолган ер жинсларининг баъзи қисмларини қайта культивация қилишга йўналтирилган.
Тикланиш ишларидан сўнг мазкур туман экологик хавфсиз ҳудуд бўлиши кутилмоқда. Бу эса маҳаллий иқтисодиёт ва туризм саноатини ривожлантириш имконини беради.
Бельгия, Литва, Норвегия, Испания, Швейцария, АҚШ каби донорлар билан бир қаторда ЕИнинг молиялий улуши энг йирик ҳисобланади.
Аввал хабар берганимиздек, ЕИ Ўзбекистон ҳукуматининг саҳрога айланаётган ҳудудни тиклаш бўйича хатти-ҳаракатларига кўмак сифатида Орол денгизи тубига 27 минг туп ниҳол экиш мажбуриятини зиммасига олган.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил ноябрь ойида Қирғизистон пойтахти Бишкекда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи – Марказий Осиё иқтисодий форумида муҳим мавзулар қаторида яшил тикланиш масаласи ҳам муҳокама этилганди. Хусусан, Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен форум иштирокчиларига йўллаган видеомурожаатида яшил сармоя иқтисодиётининг аҳамиятига тўхталган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter