Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Док-1 Макс иши»: адвокатлар суддан эксгумация ўтказишни сўраяпти

«Док-1 Макс иши»: адвокатлар суддан эксгумация ўтказишни сўраяпти

2022 йилнинг охири ва 2023 йилнинг 1-чорагига қадар камида 65 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлган «Док-1 Макс иши»да судланувчиларнинг адвокатлари суддан вафот этган болаларнинг жасадларини экспертиза қилиш, яъни эксгумация ўтказишни сўради.

– Жиноят ишида ҳақиқатни, яъни «Док-1 Макс» дориси ва болалар ўлими ўртасидаги сабабий боғланишни аниқлаш учун мурдаларни эксгумация қилиш ҳамда суд-кимё экспертизаси тайинлашингизни сўрайман. Чунки ўлим сабабларини фақатгина эксгумация қилиш орқали суд-мед экспертиза қилиш билан аниқлаш мумкин, – дейди ҳиндистонлик судланувчининг адвокати Даврон Аҳмадов.

Ислтимоснома бир нечта адвокатлар томонидан қўллаб-қувватланди. Давлат айбловчиси томонидан эса «мақсадга мувофиқ эмас» деб топилди. Жабрланувчилар суддан эксгумация тўғрисидаги сўровни қатъиян рад қилишни сўради.

Суд томонлар фикрини эшитиб, бунга қадар бир неча марҳум болаларнинг ўлими сабабларини ўрганиш мақсадида экспертизалар ўтказилганлигини билдирди. Шунингдек, ушбу текширувларни ўтказган экспертлардан керакли саволларга жавоб олинганидан кейин бу масалага қайтишини ва сўнг илтимоснома бўйича қарор қабул қилишини маълум қилди.

Маълумот учун, Жиноят-процессуал кодексининг мурдани эксгумация ыилишга доир нормаларида судларнинг бу ҳақда илтимоснома тушган пайтдан эътиборан қирқ саккиз соатдан кечиктирмай ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқиши белгиланган. Унда прокурор, терговчи, суриштирувчи, қонуний вакил ёки мурдаси эксгумация қилиниши лозим бўлган вафот этган шахснинг яқин қариндошларидан бири, зарур ҳолларда гумон қилинувчи, айбланувчи, шунингдек, агар ишда иштирок этаётган бўлса, ҳимоячи ва қонуний вакил иштирок этади. Томонлар эшитилади ва шундан кейин судья мурдани эксгумация қилиш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиб, мурдани эксгумация қилиш тўғрисида ёки мурдани эксгумация қилишни рад этиш ҳақида ажрим чиқаради.  

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг