Депутатлар иш берувчининг 15 та номдаги ҳужжатни талаб қилишини тақиқламоқчи
Бугун, 17 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида давлат хизматлари кўрсатиш тизими такомиллаштирилганлиги муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга доир қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар.
Қайд этилишича, ушбу қонун лойиҳаси билан давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва давлат ташкилотлари томонидан аҳолидан, шу жумладан тадбиркорлик субъектларидан жами 15 та (диплом, лицензия, рухсатнома, давлат божи, йиғимлар ва бошқа тўловлар тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ва бошқалар) фактларни тасдиқловчи маълумотлар ва ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинмоқда.
Шунга кўра, 13 та қонунга фактларни тасдиқловчи маълумотлар ва ҳужжатларни талаб қилмаслик бўйича тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Бундан ташқари, адвокатлик тузилмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун давлат божи миқдори БҲМнинг икки бараваридан бир бараварига камайтириш бўйича ўзгартиш ва қўшимчалар киритиляпти.
«Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши давлат хизматлари сифатли кўрсатилишини таъминлашга, турли тоифадаги давлат хизматлари кўрсатиш тизимини рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштиришга, идораларда фуқаролар ҳақидаги маълумотлар ягона идентификаторлар асосида сақланиши учун ҳуқуқий асослар яратишга хизмат қилади», – дейилади Қуйи палата ахборот хизмати хабарида.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter