Давлат–инсон муносабатида қонунчиликдаги зиддиятлар инсон фойдасига талқин этилади – лойиҳа
Конституциявий қонун лойиҳасида давлат ва фуқароларнинг ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлари, жумладан, улар ўртасидаги муносабатларда юзага келадиган қонуний зиддиятлар инсон ойдасига ҳал этилиши каби нормалар ҳам белгилаб қўйилмоқда.
Ҳужжат лойиҳасига кўра:
«Ўзбекистон Республикаси фуқароси ҳамда давлат бир-бирига нисбатан ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар билан боғлиқдир.
Фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас.
Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларнинг, давлат органлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилайди.
Давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керак.
Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади».
Ҳар бир давлат ўз фуқаролари билан муносабатга киришар экан, алоҳида ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлади. Яъни, давлат ҳам, фуқаро ҳам ўзига хос ҳуқуқларга ва мажбуриятларга эга.
Масалан, давлат фуқаролар учун хавфсизлик, фаровонлик, тинчлик ва яхши ҳаёт кечириш учун шарт-шароитлар яратиб бериш каби мажбуриятларга эга бўлса, фуқаролар қонунларга бўйсуниш, бурч ва мажбуриятларни бажариш каби масъулиятни ўз зиммасига олади.
Янги таҳрирдаги конституцияда ушбу принциплар алоҳида белгиланяпти. Бунда асосий урғу инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларига қаратилмоқда.
Масалан, давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланади, дейиляпти. Бу нима дегани? Бунда ҳам жазолаш ёки бошқа таъсир кўрсатишнинг чегараси инсонийликка бориб тақалади.
Айтайлик, шахс тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи, лекин у давлат рўйхатидан ўтиш босқичларини қилмасдан ёки рухсат берувчи ҳужжатларни олмасдан иш бошлади. Бундай ҳолат учун яқин йилларгача унинг фаолияти тугатилган ёки тўхтатиб қўйилган. Бироқ бугунги кунда унга ўзи содир этган ҳуқуқбузарлик тушунтирилади, рухсат берувчи ёки лицензия ҳужжатини олиш учун муайян вақт берилади. Бундан кўзланган мақсад ҳам қонун устуворлигини таъминлаш, ҳам битта тадбиркорни сақлаб қолиш. Мана шу мутаносиблик принципи, мана шу мақсадга эришиш учун етарли бўлган чора ҳисобланади.
Яна шуни алоҳида қайд этиш керакки, давлат билан инсон ўртасидаги ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади, деб белгиланмоқда. Чунки бундай ҳолатда давлат масъулиятни ўз зиммасига олмаса инсонга жабр бўлиши, зарар етиши мумкин. Бунда хоҳ у моддий зиддият бўлсин, хоҳ номоддий, қатъи назар давлат ўз фуқаросининг фойдасига масъулиятни ўзига олади.
Давлат ва фуқаро бир бири олдида масъул бўлмаса кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди. Фуқаролар ўз мажбуриятларини сидқидилдан бажарса қудратли давлат барпо этилади, ўз навбатида давлат мажбуриятларини тўлиқ бажарса аҳоли фаровон яшайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter