Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Чирчиқдаги ҳибсхонада 22 яшар йигит ўз жонига қасд қилди

Чирчиқдаги ҳибсхонада 22 яшар йигит ўз жонига қасд қилди

Иллюстратив сурат

Ижтимоий тармоқларда Чирчиқ шаҳридаги ИИБ ҳибсхонасида фуқаро жонига қасд қилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Тошкент вилояти ИИББ ҳолатни тасдиқлаб, воқеа қандай рўй берганини маълум қилди.

Таъкидланишича, 22 яшар йигит Жиноят Кодексининг 169-моддаси 3-қисми «в» банди (Ўғрилик, кўп миқдорда) ва 168-моддаси 3-қисми «б» банди (Фирибгарлик, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан) билан қўзғатилган жиноят ишида айбланган.

Тергов давомида у муқаддам ҳам ЖКнинг 164-моддаси 2 қисми «а» банди (Босқинчилик, қурол ёки қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган бошқа нарсаларни ишлатиб) билан судланганлиги инобатга олиниб, эркакга нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

«Жорий йилнинг 1 декабрь куни соат тунги 02.30 ларда жиноят иши доирасида ҳибсхонада сақланаётган гумонланувчи камерадаги ёпинчиқ чойшабдан сиртмоқ ясаб, камера ойначасининг темир панжарасига боғлаган ҳолда ўз жонига қасд қилган.

Суд-тиббиёт экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, марҳумнинг ўлими, бўйин қисми сиртмоқ билан сиқилиши натижасида келиб чиққан механик асфиксия оқибатида юз берганлиги, аниқланган», дейилади баёнотда.

Айни пайтда ҳолат юзасидан прокуратура томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари амалга оширилаётгани билдирилган.

Ҳолатга Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ҳам муносабат билдирди.

«Йигитнинг ўзини осгани айтилган бўлса-да, унинг бурни сингани ва танасида жароҳатлар борлиги аниқланганлиги хам хабарда айтиб ўтилган.

Мазкур ҳолат Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) томонидан назоратга олиниб, ишга тааллуқли маълумотлар сўраб олинди. Ишга оид ҳужжатлар ўрганилмоқда», дейилади расмий муносабатда.

Омбудсман марҳумга суд-экспертизаси тайинлангани, текширув ҳар томонлама, тўлиқ ва қонуний ўтказилишини назорат қилинишини маълум қилган.

Аввалроқ Бўкадаги ИИБдан 36 ёшли йигитнинг ўлиги чиққан ва бунинг ортидан бир қатор мансабдорлар ишдан олиниб, уларга қарши жиноят иши очилганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг