Чилонзордаги «қотиллик»: вазирлик кўча юзидаги 29 та дарахтнинг қасддан қуритилганини айтмоқда
Экология вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев бир неча кун муқаддам ижтимоий тармоқларда тарқалган Тошкент шаҳар Чилонзор тумани Лутфий кўчасида қуриб қолгани сабабли кесилган 29 туп – 28 туп шумтол ва 1 туп заранг дарахти бўйича янги тафсилотларни маълум қилди.
Кушербаевга қадар Чилонзор тумани ҳокимлиги матбуот хизмати ҳам ҳолат юзасидан тушунтириш берган ва унда ҳокимлик дарахтлар «Тошкент Ботаника боғининг дарахтшунос мутахассиси ҳамда туман Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими масъулларининг асосли хулосалари ва аҳолининг қуриб қолган дарахтларни кесиб олиш кераклиги ҳақидаги мурожаатлари» сабабли кесилганини маълум қилган.
Расул Кушербаев эса 2021 йилда ушбу дарахтлар илдизлари плёнка билан ёпиб ташлангани сабабли қуриб қолганини таъкидлайди.
Гап шундаки, Kun.uz нашри 2021 йилнинг октябрида эълон қилган материалида Лутфий кўчасидаги 56 та дарахтнинг илдизлари ландшафт қилиш баҳонасида полиэтилен плёнка билан ўраб ташлангани ва бу дарахт илдизларининг нафас олишига тўсқинлик қилгани сабаб қуриб қолиши эҳтимоли борлигига эътибор қаратади.
Нашр масъулларни тўплаб тайинли изоҳ ололмайди, бироқ дарахтлар илдизини очтиришга эришади.
«Ҳолат бўйича прокуратура органларига ҳужжатлар расмийлаштирилиб, киритилган. Бироқ 2022 йилнинг сентябрида ички ишлар бўлими томонидан ушбу ҳолат бўйича жиноят иши тугатилган.
Айни вақтда эса дарахтларнинг қуритилиши бўйича тугатилган жиноят иши прокуратура томонидан тикланиб, барча ҳолатлар қайта ўрганилмоқда», – деб ёзмоқда Кушербаев 2021 йилдаги ҳолатнинг мантиқий давомини эслаб.
Расмий муносабатларда айтилишича, келгусида дарахтлар кесилган ушбу ҳудудда 30 та дарахт ҳамда 1020 та бута экилиши режалаштирилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter