Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухорода қарийб ярим миллиард сохта пуллар «ушланди» (видео)

Бухорода қарийб ярим миллиард сохта пуллар «ушланди» (видео)

Жорий йилнинг 3 февраль куни Жиззах вилояти Пахтакор туманида ИИО ходимлари пайнет шохобчалари орқали қалбаки пуллар муомалага киритилаётгани ҳолатини аниқлашди.

Вилоят ИИБга кўра, идора номаълум шахснинг 4 млн 300 минг сўм миқдордаги қалбаки пулни пайнет орқали банк пластик картасига тушириб олганлигидан хабар топган. Ўтказилган экспертиза пулларнинг сохталигини тасдиқлаган.

Шу тариқа ҳолат юзасидан тезкор жиноят иши қўзғатилиб, ИИО ходимлари томонидан суриштирув ишлари бошланган.

Суриштирув давомида ушбу ҳолат бўйича Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани Ҳаваслик маҳалласи ҳамда Жиззах шаҳрининг Мирзо Улуғбек маҳалласида яшовчи икки нафар шахс ушланди. Гумонланувчилардан 10 дона пайнет чеки, 39 дона банк квитанцияси ва 1 дона банк пластик картаси ҳужжатлаштириб олинган.

Шунингдек, ушбу шахсларнинг кўрсатмаси асосида 4 та пайнет шохобчасидан 4,5 миллион сўм миқдордаги қалбаки пуллар олинди.

Қолаверса, айбланувчилардан бирининг Мирзо Улуғбек маҳалласида жойлашган қурилиши тугалланмаган кўп қаватли бинога яшириб қўйган 18 миллион сўм миқдордаги қалбаки пуллари ҳужжатлаштириб олинди. Суриштирув жараёнида гумонланувчилардан бири қалбаки пулларни Самарқанд вилояти Пайариқ тумани Хўжаисмоил маҳалласида истиқомат қилувчи шахсдан сотиб олганлигини билдирган. У қалбаки 28 миллион сўмни 18 миллион сўмга сотиб олган.

ИИО ходимлари Самарқанд вилояти Пайариқ тумани Хўжаисмоил маҳалласида яшовчи шахсни қўлга олишганида у 200 минг сўмлик қалбаки купюраларни 60 минг сўмдан Бухоро вилояти Бухоро шаҳри Пиридастгир маҳалласида яшовчи шахсдан сотиб олганлигини билдирди.

Суриштирув ишлари давом эттирилиб, Жиззах вилояти ИИБ ЖҚБнинг коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ходимлари бухоролик ҳамкасблари билан биргаликда тезкор тадбир олиб боришди. Тадбирда Бухоро шаҳрининг Фурқат маҳалласи ҳудудида 100 миллион сўм қалбаки пулни 30 миллион сўмга алмаштирган шахс қўлга олинди. Кўп ўтмай сохта пулларни тайёрлашда иштирок этган Бухоро шаҳри Фурқат ҳамда Муртазоев маҳаллаларида яшовчи 3 нафар шахс ушланди. Уларнинг турар жойидан 336 миллион 400 минг сўм сохта пул, 4 та компьютер жамланмаси, 5 дона принтер, 3 дона қоғоз кесиш мосламаси ва 35 дона рангсиз лаклар ҳужжатлаштириб олинди.

Умумий ҳисобда гумонланувчилардан 462 миллион 400 минг сўм қалбаки пуллар ашёвий далил тариқасида ҳужжатлаштириб олиниб, таркибида 6 киши бўлган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди ва уларнинг барчаси вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилди.

Айни пайтда юқоридаги ҳолатлар юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг