Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухорода мактаб таъмиридан «уриб» қолган тадбиркор судланди

Бухорода мактаб таъмиридан «уриб» қолган тадбиркор судланди

Бухоро вилояти Шофиркон туманидаги бир нечта мактабларни мукаммал таъмирлаш ишларида бажарилмаган ишлар учун йирик миқдорда пулларни қўшиб ёзган «ЭҚС» МЧЖ раҳбари Э.Р.нинг талон-торожликларга йўл қўйгани аниқланди ва унга нисбатан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Шофиркон тумани суди раиси Улуғбек Бозоров хабар берди.

Суд ҳужжатларига кўра, буюртмачи Бухоро вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси 2016 йилдан буён Шофиркон туманидаги «ЭҚС» МЧЖ раҳбари лавозимида ишлаб келаётган 30 ёшли Э.Р. билан шартнома имзолаган. Шартномага кўра, пудратчи тумандаги «Талисафед» МФЙ ҳудудида жойлашган 21-сонли умумий ўрта таълим мактаби биносини замон талабига мос равишда мукаммал таъмирлаш мажбуриятини зиммасига олган. Шунга мувофиқ, инжиниринг компанияси томонидан мактабни мукаммал таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун 2 млрд 946,4 млн сўм миқдоридаги маблағ йўналтирилган.

Орадан вақт ўтиб, пудратчи ишнинг тўлиқ якунлаганини маълум қилган. Инжиниринг компанияси масъулларини қурилиш объектини қабул қилиб олиш жараёнида мактабнинг лойиҳадаги сингари мукаммал эмаслиги шубҳага солган.

Шундан сўнг назорат идораларидан иборат ишчи-гуруҳ тузилиб, қурилиш объектини назорат ўлчовидан ўтказишга киришилган. Ўрганув жараёнида ҳисоб-фактура маълумотномаларида кўрсатилган ишларнинг бажарилмагани ва ёш мансабдорнинг 25,8 млн сўмлик қурилиш таъмирлаш ишларини «бажарилган»лар сирасига қўшиб ёзгани аниқланган. Ва ушбу бюджет маблағларини талон-торож қилган ҳолда жамият ҳисобрақамига туширтиргани ошкор бўлган.

«Афсуски, ёш раҳбар масъулиятни унутиб, ўз мансаб мавқеини суиистеъмол қилган. Олиб борилган текширувлар натижасида судланувчи айблари далиллар билан тўлиқ исботланди. У ўз айбига иқрорлик билдирди», – дейди Улуғбек Бозоров.

Судга доир ҳужжатларига кўра, судга қадар қурилиш объекти ҳолати юзасидан назорат ўлчови ўтказишга киришилган. Ўқув бинолари бўйича бажарилган иш ҳажмларидан 16,8 млн сўм маблағ ҳақиқий харажатларга нисбатан кам ҳисоблаб олингани, бино полларига керамик плиткалар ва унинг томини шефир билан қоплаш иш ҳажмларига қўшиб ёзилиши ҳисобига 18,9 млн сўмлик маблағ қўшиб ёзилгани аниқланган. Ундан ташқари, мактаб биносидаги чиқиндилар қудуқларини қуришда гидроизоляция ишлари бажарилмаган бўлса-да, 5 млн сўмлик маблағ, қозонхоналарининг қуриш ишларида 10 дона манометрни ўрнатмасдан, унинг ўрнига 20 дона термометрни ўрнатилиши оқибатида 1,6 млн сўм маблағлар қўшиб ёзилган.

«Масъулияти чекланган жамияти томонидан 5 та ҳолатда бажарилмаган ишларга қўшиб ёзиш натижасида жами 32,2 млн сўмлик қурилиш ишларида талон-тарожликларни юзага келтиргани аниқланди», – дейди Улуғбек Бозоров.

Судланувчи ўз ҳатти-ҳаракатларига тўлиқ иқрор бўлиб, ўз қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини билдирган. Ва у ўз томонидан етказилган 25,8 млн сўм моддий зарарни тўлиқ қоплаб берган.

Судланувчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 2-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Унга кўра, судланувчидан БҲМнинг 80 баравари миқдорида, яъни 17 млн 840 минг сўм жарима ундирилади.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг