Бухоро ва Сурхондарёда 53 мингдан ортиқ дарахт ёз чилласида кўчирилиши айтилганди...
Ижтимоий тармоқларда «табиат» вазири Абдуҳакимовга 53 174 туп дарахтни ўлдиришга хулоса бериш топширилган» мазмунидаги хабарлар тарқалди. Мазкур хабар матнига кўра, Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев имзолаган 2023 йил 21 июлдаги 58-сонли ҳукумат баённомаси билан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири А.Абдуҳакимовга Бухоро вилоятида 31 371 туп, Сурхондарё вилоятида эса 21 803 туп дарахтларни кўчиришга хулоса бериш топширилган. Ижро учун берилган муддат эса ёз чилласининг ўртаси, аниқроғи 28 июлга белгиланган.
Мазкур вазиятга эътибор қаратган иқтисодчи-блогер Отабек Бакиров «июль ойида дарахт кўчириш бу дарахт қотиллиги билан баравар» дейди.
Ўз навбатида Экология вазири Азиз Абдуҳакимовнинг маслаҳатчиси Расул Кушербаев вазирликка мазкур икки ҳудудда дарахтларни кўчириб ўтказиш ҳақидаги мурожаатлар киритилганини тасдиқлади.
«А-380 «Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу» автомобиль йўлининг 150-228 км (78 км) қисмини реконструкция қилиш лойиҳаси доирасида автомобиль йўлининг кенгайиши ҳисобига 31 371 туп дарахтларни кўчиришга ҳамда Сурхондарё вилоятининг 4Р105 «Дарбанд-Бойсун-Элбаён» автомобиль йўлининг 5-70 км ва 4Р100 «Манғузор-Жарқўрғон-Бандихон-Олтинсой-Денов» автомобиль йўлининг 128-174 км қисмларини реконструкция қилиш лойиҳаси доирасида 22 615 туп дарахтларни кўчириш ёки компенсация тўловларисиз кесишга рухсат бериш масаласида мурожаатлар киритилган», – деб ёзади вазир маслаҳатчиси.
Кушербаевнинг билдиришича, экология вазирлиги томонидан дарахтларни кесишга қарши жорий этилган мораторий талабларидан келиб чиқиб, ҳар иккала ҳолатда ҳам рад жавоби берилган.
«Ва бундан буён ҳам рухсат беришга доир ҳар қандай мурожаат ва топшириқларга рад жавоби берилади.
Мазкур масала куни кеча вазир А.Абдухакимов иштирокида такроран муҳокама қилиниб, мораторий талабларига қатъий риоя қилган ҳолда дарахтларни сақлаб қолиш бўйича вазирликнинг позицияси ишлаб чиқилди ва тез кунларда иккала ҳудудда ҳам бу масалада жамоатчилик иштирокида эшитув ташкил этилиши белгиланди», – дейди вазир маслаҳатчиси.
Аммо «вазирлик дарахтлар йўқотилишига доир мазкур лойиҳалар бўйича ўз позициясида қатъий» эканини таъкидлаган Кушербаев «иккала ҳудудда ҳам бу масалада жамоатчилик иштирокида эшитув ташкил этилиши»дан мурод аҳолининг йўллар кенгайишига розилигини олишми ёки дарахтлар кесилмаслигигами, бунга ойдинлик киритмаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter