Боку халқаро денгиз савдо портида ўзбек омборларини очиш истиқболи муҳокама қилинди
Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев бошчилигидаги делегациянинг Озарбайжонга ташрифи доирасида «Боку халқаро денгиз савдо порти» ЁАЖ бош директори Талеҳ Зиядов билан бўлиб ўтган учрашувда Боку халқаро денгиз савдо портида ўзбек омборларини очиш истиқболи муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, томонлар Боку халқаро денгиз савдо порти негизида ўзбек омборлари ва контейнер терминалларини очиш истиқболлари ҳамда юкларни, жумладан, кундалик эҳтиёжлар учун зарур товарларни икки давлат ҳудудлари орқали ўзаро ташиш масалаларини муҳокама қилиш учун Халқаро автомобил транспорти бўйича Аралаш комиссия йиғилишини ўтказиш лозимлиги таъкидлаганлар.
Шунингдек, учрашувда транспорт-логистика алоқаларини янада кенгайтириш, хусусан, контейнерлар ташиш ва «Ro-Ro» усулида юкларини денгиз портлари орқали етказиш ҳажмини ошириш имкониятлари кўриб чиқилган. Халқаро автомобил транспорти тўғрисидаги Ҳукуматлараро битим имзолангани ҳам олқишланган.
Маълумот учун, 24 декабр куни бўлиб ўтган учпашувларда Ўзбекистон делегацияси «Алят» эркин иқтисодий зонаси раҳбарияти билан ҳам учрашув ўтказган.
Хусусан, Озарбайжон «Алят» ЭИЗ бошқаруви раиси Валеҳ Алескеров билан эркин иқтисодий зонада озиқ-овқат, чарм-пойабзал, тўқимачилик ва бошқа юқори талабга ва қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва Европа Иттифоқи мамлакатлари, МДҲ ва бошқа қўшни давлатлар бозорларига экспортни ташкил этиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга урғу берган ҳолда сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинган.
Эслатиб ўтамиз, «Боку халқаро денгиз савдо порти» қурилиши 2010 йил ноябрида бошланган, 2014 йил сентябрда эса портдаги иншоотлардан бири – паром терминали фойдаланишга топширилган. 2018 йил январда эса Ro-Ro терминали очилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter