Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Биз Ўзбекистон томонидан фақат файз ва барака кўриб келяпмиз»  – Балх вилояти губернатори

«Биз Ўзбекистон томонидан фақат файз ва барака кўриб келяпмиз»  – Балх вилояти губернатори

Кеча, 22 декабрь куни Ўзбекистон ҳукуматининг афғон халқига энг бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда  кийим-кечаклардан иборат жами 170 тонналик навбатдаги инсонпарварлик ёрдами юклари ортилган автомашиналар карвони Ҳайратон чегара ўтказиш пункти орқали қўшни мамлакатнинг Балх вилояти шимолидаги Калдор туманига етказилди. 

Қўшни давлатнинг  Ҳайратон  шаҳрида инсонпарварлик ёрдамини топшириш маросими бўлиб ўтгани ҳақида ҳам хабар қилинган эди.

Қайд этилишича, мазкур юк 48 тонна ун, 30 тонна шакар, 48 тонна буғдой, 15 тонна ўсимлик ёғи, 10 минг дона консерваланган гўшт маҳсулотлари , 22 тонна макарон, 1000 жуфт эркаклар ва болалар уст кийими, 1000 жуфт болалар, эркаклар ва аёллар оёқ кийимидан ташкил топган.

«Қўшни биродар ўзбек халқи Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш, аҳолисининг мушкулини осон қилишдек хайрли ишларда бош бўлаётганидан биз афғон халқи жуда ҳам миннатдормиз.

Бугун Ўзбекистон ҳукумати минтақадаги муаммолар ечими ва давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича ўз ташаббус ва амалий ҳаракатларини олиб бормоқда. Биргина  «Мозори Шариф – Кобул – Пешовар» темир йўли қурилишини оладиган бўлсак, бу лойиҳа нафақат учта давлат қолаверса Марказий Осиё мамлакатларининг иқтисодиётида жуда катта аҳамият касб этади. Мана бундай беғараз кўмак халқларимизни жипслаштириб ўзаро борди-келди муносабатларимзни янада мустаҳкамлайди. Бундан эса албатта афғон халқ манфаатдор. Яна бир бор самимий ташаккуримни изҳор этаман», – дейди Балх вилояти губернатори Мулло Муҳаммад Довуд Музаммил.

Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Эргашев ҳам қўшни мамлакатга етказиб берилган инсонпарварлик ёрдами ҳақида фикр билдирди.

«Қиш қаттиқ келганини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон раҳбариятининг дастурига асосан, Афғонистон халқига бу йилнинг ўзида еттинчи маротаба инсонпарварлик ёрдамини олиб келдик.

Балх вилояти губернатори Муҳаммад Довуд Музаммил билан суҳбатлашганимизда, у «Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги чегара — дўстлик чегараси. Биз Ўзбекистон томонидан фақат файз ва барака кўриб келяпмиз. Бугунги кунда бизга энг яқин, биродарлик муносабатларини кўрсатаётган давлат ҳам шу. Биз Ўзбекистон билан ҳар томонлама муносабатларни кенгайтириш, мустаҳкамлаш ва ҳар қандай масалани дўстона ҳал қиламиз», дея таъкидлади», – дейди Эргашев.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг