Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Айрим дарёлардан қум-шағал қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий қилинади

Айрим дарёлардан қум-шағал қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий қилинади

Чирчиқ, Сангзор, Зарафшон, Норин, Қашқадарё ва Сурхондарё дарёлари ўзанларидаги норуда материаларини қазиб олишга муддатсиз мораторий ўрнатилади. Ўзбекистон Президентининг «Сув ҳавзаларида норуда материалларини қазиб олишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида шу ҳақида маълум қилинди.

Фармонга кўра, эндиликда дарё ўзанлари, соҳил бўйи минтақалари ва сув муҳофаза зоналаридан қум-шағал материаллари қазиб олиш фақат «E-auksion» электрон савдо платформаси орқали амалга оширилади.

Мораторий даврида дарё ўзанлари, соҳил бўйи минтақалари ва сув муҳофаза зоналаридан қум-шағал материалларини ноқонуний қазиб олиш натижасида табиатга етказилган зарар учун жарима миқдори 10 бараварга оширилади. Шунингдек, жазо чораларидан бири сифатида ҳуқуқбузарликнинг бевосита ашёсини мусодара қилиш жазосини белгилаш ҳам режалаштирилган.

Экология вазирлиги дарё ўзанларидан қум-шағал материалларини қазиб олишни «Хавфсиз дарё бошқармаси» давлат муассасаси, Экологик назорат инспекцияси ҳамда Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси ҳамкорлигида мониторинг қилади ва доимий рейдлар ўтказиб, тартибни бузган шахсларга нисбатан чоралар кўриб боради.

Бундан ташқари, қум-шағал қазиб олиш борасида янгидан лицензия бериш жараёни тўхтатилди. «Хавфсиз дарё» ДУК томонидан илгари берилган лицензиялар эса текширилди. Коррупцияга йўл қўйилган ҳолатлар аниқланиб, ноқонуний лицензиялар бекор қилинди. Шунингдек, янги конлар фаолиятини камчиликсиз йўлга қўйишга алоҳида аҳамият берилмоқда. Бу конлар қум-шағал нархларининг қимматлашишига йўл қўймайди.

Фармонга мувофиқ, вазирлик томонидан қуйидаги чора тадбирлар амалга-оширилади:

— ер усти табиий сув объектларининг ўзанлари, соҳил бўйи минтақалари ва сув муҳофаза зоналарида норуда материалларини қазиб олиш фаолияти билан шуғулланиб келаётган барча субъектлар томонидан тегишли мажбуриятларнинг бажарилиши қатъий назоратга олинади;

— дарё ўзанлари, соҳил бўйи минтақалари ва сув муҳофаза зоналаридаги бузилган ерлар босқичма-босқич рекултивация қилинади;

— табиий ландшафтни қайта тиклаш, ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратилади.

Қолаверса, тоғ ва тоғ олди ҳудудларида муқобил норуда фойдали қазилма конлари ва кичик саноат зоналарини ташкил қилиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилади. Дастур дарё ўзанлари, соҳил бўйи минтақалари ва сув муҳофаза зоналарида жойлашган норуда материалларини қайта ишлаш корхоналарини тоғ ва тоғ олди ҳудудларига ёки ушбу ҳудудларнинг яқинида жойлашган кичик саноат зоналарига кўчириш, тадбиркорлик субъектларига шарт-шароит яратиш мақсадида қўшимча кичик саноат зоналарини ташкил қилиш ва уларда муҳандислик-инфратузилма объектларини барпо этиш кабиларни ўз ичига олади.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, бугунги кунда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан барча муаммоларни тизимли ҳал қилишга қаратилган қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, чиқиндилар бошқарувида ўзгаришлар йўлга қўйилиб, бунинг натижаси ўлароқ давлатимиз раҳбарининг чиқиндиларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтиришга қаратилган фармони қабул қилинди.

Президентнинг 2023 йил 31 майдаги қарори билан “Хавфсиз дарё” давлат унитар корхонаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги тасарруфига ўтганидан кейин дарё ўзанларини муҳофаза қилиш борасида ҳам қатор ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Экология вазири Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Зарафшон, Сирдарё ва Чирчиқ дарёсига бориб, у ерлардаги экологик вазиятни ўрганди. Дрон ва бошқа техник воситалар ёрдамида суратлар қайд қилиниб, муаммолар батафсил таҳлил қилинди.

Маълумотларга кўра, 2019-2022 йилларда Чирчиқ дарёсида ўзан тозалаш ва қум-шағал материалларини қазиб олиш билан 103 та тадбиркорлик субъектлари шуғулланиб келган бўлса, ҳозирги кунда Тошкент вилоят ва Тошкент шаҳри ҳудудидан оқиб ўтган Чирчиқ дарёси ўзанини тозалаш ва қум-шағал материалларини қазиб олиш йўналишида 40 та тадбиркорлик субъекти фаолият юритиб келмоқда. Бу ўз навбатида Чирчиқ дарёсида ўзан тозалаш ва қум-шағал материалларини қазиб олиш билан шугулланувчиларнинг сони 61,5 фоизга камайганлигини кўрсатмоқда.

Қайд этиш жоизки, 2023 йилда Экология вазирли томонидан киритилган талабномаларга асосан Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги 12 та фойдали қазилмаларни қазиб олиш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектининг литсензиларини бекор қилиш бўйича судларга даъво аризаларини киритган.

Бундан ташқари, “Хавфсиз дарё бошқармаси” ДМ билан Чирчиқ дарё ўзанини тозалаш ва қум-шағал материалларини қазиб олиш белгиланган талбаларга риоя этилмаганлиги сабабли, 3 та хўжалик юритувчи субъект билан тузилган шартномалар бекор қилинди.

Вазирлик томонидан ўтказилган назорат тадбирларида Республика бўйича дарёларда ноқонуний қум-шағал қазиб олиш билан боғлиқ 303 ҳолатда 268 нафар шахсга нисбатан 68 млрд сўмлик чоралар кўрилган бўлиб, шундан 42 ҳолат бўйича 45 млрд сўм миқдорида табиий муҳитга зарар етказилганлиги учун прокуратура органлари томонидан жиноят ишлари қўзғатилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг