Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Берилган божхона имтиёзларининг 420 млрд сўми мақсадсиз қўлланган – Президент

Берилган божхона имтиёзларининг 420 млрд сўми мақсадсиз қўлланган – Президент

Видеоселектор йиғилишида Президент божхонада ҳам бор имкониятлар тўлиқ ишга солинмаётганини қайд этиб ўтди.

Масалан, ўтган йили импорт бўлган 20 миллиард долларлик товарларга салкам 60 триллион сўмлик имтиёз қўлланган.

Лекин ушбу имтиёзларнинг қанчаси мақсадли ва самарали қўллангани бўйича божхонада таҳлил йўқлиги кўрсатиб ўтилди.

Ўтган йили қўлланган имтиёзнинг бор-йўғи 3,2 триллион сўми ўрганилганда, уларнинг 420 миллиард сўми ёки 13 фоизи мақсадсиз қўлланган бўлиб чиқди.

Шу боис, Божхона қўмитасига имтиёз билан кирган товарларни корхонабай ўрганиб чиқиш топширилди.

Умуман, бу йил қўшимча манбалар ҳисобидан Солиқ қўмитаси 40 триллион сўм, Божхона қўмитаси эса камида 15 триллион сўм тушумни таъминлаши муҳимлиги таъкидланди.

Йиғилишда, шунингдек, давлат корхоналарини хусусийлаштириш бўйича ишлар ҳолати ҳам таҳлил қилинди.

Масалан, «Донмаҳсулот» таркибидаги савдога чиқарилган 43 та корхонадан бор-йўғи 10 таси сотилган. Айримлари 2-3 йилдан бери сотилмасдан турибди. Бунга сабаб хусусий секторга бермаслик учун нархи сунъий ошириб юборилган.

Мутасаддиларга сотилмасдан турган 33 та дон корхонаси нархини бозор қийматига келтириб, жорий йилда сотилишини таъминлаш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, хусусийлаштириш дастурига киритилган 484 та давлат активлари савдога чиқарилмаётгани танқид қилинди. Ваҳоланки, буларнинг ҳисобидан яна 200 миллиард сўм тушум қилса бўларди.

Вазирлар Маҳкамасига қолоқликларни бартараф этиб,  2024 йилда 20 триллион сўм тушум таъминлайдиган янги хусусийлаштириш дастурини киритиш топширилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг