Бухорода расмларини тарқатиб юбориш билан қизга таҳдид қилган «ошиқ» ушланди
“Қизларни ҳар доим сергак бўлишликка, миллатимизга хос хулқ-одобдан йироқ бўлмасликка, йигитларни эса жўмард бўлишга чақириб қолган бўлардик”, – дея воқелик ҳақида «Xabar.uz» га маълум қилди вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Жалолов.
Ҳолатга кўра, Қоракўл туманидаги “Хўжакон” маҳалласида яшовчи 20 ёшли И.А. ўзининг маҳалладоши тенгдоши Р.П.билан учрашиб юрган. Қиз йигитга ишонган ва ишқий муносабатдаги учрашувлар давом этган.
Орадан кўп ўтмай, И.А. ўзининг беўхшов қилиқлари ва хатти-ҳаракатлари билан қизга таҳдид қила бошлаган. Аввалига «севгилиси»нинг бундай муносабатларини ҳазил, деб тушунган қиз кейинчалик унинг босим ўтказаётганидан таҳликага туша бошлаган.
Шундай кунларнинг бирида И.А. қизнинг видеоларини тарқатиш билан қўрқитиб, қиздан 1.500.000 сўм миқдоридаги пулларни талаб қилган.
Агарда айтилган пулларни бермаса, ўзида мавжуд бўлган беҳаё ва порнографик видеоларини тарқатиб юбориб, уни шарманда қилиш билан қўрқитган. Қиздан 350.000 сўм миқдоридаги пулларни олишга эришган. Кўп ўтмай, бу билан ҳам кифояланмаган ва энди қиздан қолган 800.000 сўм миқдоридаги пулларни ҳам беришини талаб қила бошлаган.
«Йигитим»дан бундай хурмача қилиқлар кутмаган эдим ва унга ишонгандим. Мол-мулким ва пулимга таҳдид қилиб, мажбурий-қистов йўли билан мендан пул далолат қилавергач, ҳуқуқ-тартибот идоараларига мурожаат қилишга мажбур бўлдим», – дейди қиз.
И.А. қиздан 800 000 миқдоридаги пулларни олаётган вақтда қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан шаҳар ИИО ФМБ томонидан фуқаро И.А. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ушбу модда билан жазоланганлар уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter