Арипов Шинжон-Уйғур автоном райони Партқўм котиби билан учрашди
Ўзбекистон ҳукумати делегацияси жорий йилнинг 29 феврал 1 март кунлари Хитой Халқ Республикасининг Қашғар шаҳрида бўлди.
Ташриф доирасида бугун, 1 март куни Бош вазир Абдулла Арипов Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Сиёсий бюроси аъзоси, Шинжон-Уйғур автоном райони Партқўми котиби Ма Синжуй билан икки томонлама учрашув ўтказди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги дўстона ҳамда кўп қиррали шериклик муносабатлари юқори даражада ривожланиб бораётгани, бунда Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёев ва ХХР Раиси Си Сзинпин ўртасидаги яқин, самимий ва биродарлик ришталари муҳим аҳамият касб этаётгани алоҳида таъкидланди.
Қайд этилишича, жорий йил январ ойида Пекинда бўлиб ўтган Олий даражадаги учрашув икки томонлама муносабатларнинг янги даврини бошлаб берди. Давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари барча шароитларда ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига кўтарилди.
Ўз навбатида, ўзаро савдо-иқтисодий алмашинувларни ривожлантиришда Шинжон-Уйғур автоном райони муҳим боғловчи «дарвоза» вазифасини бажариши таъкидланди.
Учрашувда Олий даражада эришилган келишувлар ижросини таъминлаш, замонавий технология, ускуналарни импорт қилиш ҳамда тўқимачилик, мис, минерал ўғитлар, қишлоқ хўжалиги ва бошқа турдаги маҳсулотларни экспорт қилиш, транспорт-логистика, энергетика, маданий-гуманитар ҳамкорликдаги лойиҳаларни янада фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter