Алишер Султонов АҚШнинг «Air Products» корпорацияси билан битим имзолади
Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Алишер Султонов АҚШнинг «Air Products» корпорацияси президенти жаноб Сейфи Гасеми бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашув доирасида «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти ва «Air Products» корпорацияси ўртасида «Қўшма корхона ташкил этиш шартлари бўйича битим» ва «Ўзаро англашув меморандуми» тўғрисидаги ҳужжатлар имзоланди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, «Air Products» билан ҳамкорлик доирасида «метанол в олефинлар» (МТО) технологияси асосида табиий газни мукаммал қайта ишлаш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ва шу асосда юқори қўшимча қийматга эга бўлган нефть-кимё маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш масаласи ҳам муҳокама этилмоқда.
«Шуни ишонч билан айтишим мумкинки, расмий шахслар билан илк марта бўлиб ўтган учрашувдан келишувлар имзолангунга қадар жуда қисқа вақт сарфланди ва компаниямиз тарихида бундай воқеа биринчи марта юз бериб турибди. Бу, албатта, ишчи гуруҳларимизнинг ўзаро ҳамкорликда фаол ишлаганидан далолат беради. «Air Рroducts» дунёнинг 50 та мамлакати билан ҳамкорлик қилади, бироқ у ўз тарихида ҳамкорлик муносабатларини бу даражада тез ва шиддатли ривожланишига илк марта гувоҳ бўлиб турибди», - дея таъкидлади Сейфи Гасеми.
Америка корпорацияси раҳбари Тошкентда бўлиб турган «Air Рroducts» делегациясидан компания олий раҳбариятининг деярли бутун таркиби жой олганлигини, бу эса томонлар ўртасида турган барча масалаларни ҳал этишда муҳим роль ўйнашини ҳам алоҳида қайд этиб ўтди.
Унинг айтишича, Америка корпорацияси айни вақтда Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишнинг бешта йўналишини белгилаб олган. Улардан биринчиси, учрашув доирасида имзоланган келишувга мувофиқ саноат гази бўйича қўшма корхона ташкил этишдир. Бу борада гелий ишлаб чиқариш лойиҳаси, аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш бўйича завод қуриш лойиҳалари ўрганилмоқда, шунингдек, «метанол ва олефинлар» технологияси бўйича йирик лойиҳани амалга ошириш чора-тадбирлари ҳам кўрилмоқда. Корпорация мазкур лойиҳани дунёнинг етакчи компаниялари билан ҳамкорликда амалга оширишни режалаштирган.
«Қисқа қилиб айтганда, ҳамкорлик юзасидан аниқ лойиҳаларимиз бор ва уларни рўёбга чиқариш учун ҳамкорликда иш олиб борамиз. Биз бунга тайёрмиз, истиқбол сари ҳаракат қилишга истагимиз ҳам, имкониятимиз ҳам етарли», - деди компания раҳбари.
1940 йилда ташкил этилган «Air Рroducts» корпорацияси газ ишлаб чиқариш ва газни қайта ишлаш, нефть-газни қайта ишловчи, металлургия, электр техника ускуналари ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги етакчи компаниялардан бири ҳисобланади.
«Air Products» компаниясининг фикрича, Ўзбекистон Республикаси ривожланишнинг ҳозирги босқичида нефть-газ ва нефть-кимё саноатига тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этишга, айниқса, углеводород хомашёси ва юқори қўшимча қийматга эга бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқаришга алоҳида аҳамият қаратаётганлиги билан ҳам хорижлик сармоядорлар эътиборини тортмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter