Андижонда амалда сарфланмаган 32 млрд сўм ҳисоботда «бўй кўрсатди»
30 ноябр, чоршанба куни Адлия вазирлигининг маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қабул қилган қарорлари жойлаштириладиган электрон тизимида Андижон вилояти маҳаллий бюджетининг 2022 йил 9 ойлик ижроси тўғрисидаги ҳисоботи эълон қилинди.
Мазкур ҳисоботга кўра, маҳаллий бюджет даромадлари ҳисобот даврида 2 трлн. 271,3 млрд. сўмга ёки режага нисбатан 109 фоизга, харажатлари эса режага нисбатан 98 фоизга ижро этилиб, 4 трлн. 622,6 млрд. сўмни ташкил этган (режа бўйича 4 трлн. 721,8 млрд. сўм).
Вилоят ҳокимлиги ҳисоботида маҳаллий бюджет харажатларининг 67 фоизи ижтимоий харажатлар ҳиссасига тўғри келгани (3 трлн 115,6 млрд.сўм), шундан маорифга – 754,2 млрд сўм, соғлиқни сақлашга – 1 трлн 406,5 млрд сўм, спортга – 76,3 млрд сўм ҳамда илм-фанни ривожлантиришга 1,8 млрд сўм йўналтирилгани айтилади.
Шунингдек, харажатлар таркибига вилоятдаги Маданият ва оммавий ахборот воситалари ишини ривожлантириш масаласи ҳам киритилиб, мазкур соҳаларга ўтган 9 ойда 31 млрд 959,8 млн сўм сарфлангани (йил охирига қадар 32 млрд 595,1 млн сўм сарфлаш режалаштирилган) кўрсатиб ўтилган.
Энг қизиғи эса вилоятдаги айрим ОАВлар ўзларига ажратилган маблағлар ҳақида юқоридаги ҳужжатдан билган, холос.
Ishonch.uz нашрининг ёзишича, йил бошидан буён вилоят телерадиокомпанияси, вилоят ҳокимлиги муассислигидаги газеталарга маҳаллий бюджетдан маблағ ажратилмаган.
«Иқтисодий муаммолар сабаб аксар туман ҳокимликлари нашрлари ҳар ойда бир бор чоп этилаётган бўлса, вилоят ҳокимлигининг нашри – «Андижоннома» газетасининг шу кунга қадар бор-йўғи 61 та сони босмадан чиққан. Ҳолбуки, унинг даврийлигига амал қилинса, йил якунига қадар нашрнинг 104 та сони ўқувчиларга етиб бориши керак.
Вилоят ҳокимлигининг яна бир газетаси – «Андижанская правда» эса бир ярим йилдан буён чоп этилмаётир», – деб ёзади нашр.
Юқорида мақсадли сарфлангани шубҳа остига олинаётган сумма жами харажатларнинг 0,7 фоизинигина ташкил қилиб, асосий харажатлар соғлиқни сақлаш (1,4 трлн), болали ва кам таъминланган оилаларга нафақалар (840,4 млрд) ҳамда давлат бошқарув идораларини сақлаш (297,8 млрд) кабилар учун қилинган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter