Аксарият ўзбек аёллари кўп фарзандли бўлишини маъқул кўришади – сўровнома
Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ҳузуридаги «Оила ва хотин-қизлар» илмий тадқиқот институти томонидан БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси билан ҳамкорликда оилаларда туғилишнинг кўпайиш омилларини аниқлаш мақсадида жорий йилнинг 8 августдан 15 сентябрга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, 12 та вилоят ва Тошкент шаҳрида социологик тадқиқот ўтказилди. Тадқиқот 15 та шаҳар, 33 та туман ва 204 та маҳаллани қамраб олди.
Тадқиқотда фарзандли аёлларнинг яна қанча фарзанд кўришлари тўғрисидаги фикрлари ўрганилганида, 47,3 фоиз аёллар 4 нафар, 38,6 фоиз аёллар 3 нафар фарзандли бўлишни режалаштиришгани аниқланди. Кўп фарзандли бўлишни истовчилар улуши 53,1 фоизни ташкил этди.
Тўрт нафар ва ундан кўп фарзанд кўришни режалаштириш ҳолати фарзанд кўргунга қадар ҳар учинчи респондентга (28,5 фоиз) хослиги кейинги йилларда ҳам Ўзбекистонда демографик ўсиш суръати юқори даражада сақланиб қолишидан дарак бермоқда.
Аёллардан кўп фарзандли бўлишнинг асосий сабаби сўралганида, уларнинг ота-оналарга кексаликда таянч бўлиши асосий омил сифатида аксарият аёллар томонидан айтиб ўтилди.
Тадқиқот фарзандлар сони ўзининг қарорига боғлиқ эмаслиги ҳолати ўрта маълумотли аёлларда юқори, олий маълумотлиларда эса бир мунча паст (26,5 фоиз) эканлигини кўрсатди.
Олинган натижаларга кўра, ҳар еттинчи хотин-қизлар (15,3 фоиз) 2 нафар фарзанд битта оила учун етарли деган фикрни билдирди. Бундай жавоб кўпроқ олий маълумотли аёлларда қайд этилди.
Маълумот учун, 2000 йилда 527,6 минг нафар, 2010 йилда 634,8 минг нафар гўдак дунёга келган бўлса, 2021 йилга келиб бу кўрсаткич 905,2 минг нафарга етган. Халқаро мезонларга кўра, Ўзбекистон 2021 йилда туғилиш даражаси бўйича «ўртача юқори» бўлган мамлакатлар қаторидан жой эгаллади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter