Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Аҳолига «яшил» кредитлар ажратилади ва уларнинг бир қисми компенсация қилинади

Аҳолига «яшил» кредитлар ажратилади ва уларнинг бир қисми компенсация қилинади

Ўзбекистонда аҳоли томонидан ишлаб чиқарилган электр энергиясининг 1 киловатти учун 1 минг сўмдан тўланиши эълон қилинган эди. Улар «Қуёшли хонадон» тизимига уланиб, тегишли тўловларни олишлари мумкин.

Бу ҳақда Президент иштирокида ўтаётган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Президент, жумладан, ушбу дастур қамровини ошириш ва янада кенг жорий қилиш бўйича янги вазифаларни белгилаб берди.

Унга кўра, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан савдо ва сервис корхоналарига қуёш панеллари учун кредит тўловларининг 4 фоизи қоплаб берилади.

Шунингдек, халқаро молия ташкилотларидан 100 миллион доллар жалб қилиниб, сўмда, мақбул шартларда аҳоли ва кичик тадбиркорлар учун «яшил» кредит маҳсулотлари яратилади. Аҳолига ажратилган кредит фоизларининг бир қисмини компенсация қилиш учун 100 миллиард сўм ажратилади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигига аҳоли ва тадбиркорларга берилган «яшил» кредитлар фоизларининг бир қисмини қоплаш тизимини жорий қилиш топширилди.

Бундан ташқари, «яшил энергия» сертификатлари тизими жорий қилинади. 1 июлдан бошлаб гидроэлектр станцияларига «яшил» сертификат берилади. Ушбу тизим 1 октябрдан бошлаб барча қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобидан ишлаб чиқарилган электр энергияси учун жорий қилинади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг