Аҳоли пунктларига кириб қолган ёввойи ҳайвонлар ҳимоясига қаратилган низом ишлаб чиқиляпти
Ҳукуматнинг тегишли қарори лойиҳаси билан ёввойи ҳайвонларни табиий яшаш муҳитидан ўзга муҳитга тушиб қолганда ҳимоя қилиш, қутқариш ва жонсизлантириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланмоқда.
Таъкидланишича, сўнгги вақтларда ёввойи ҳайвонларнинг аҳоли пунктлари ва бошқа ҳудудларга турли сабаблар билан келиб қолиш ҳолатлари қайд этиляпти. Бунинг оқибатида ёввойи ҳайвонлар томонидан фуқароларнинг ҳаёти ва соғлигига ҳамда мол-мулкига, ёввойи ҳайвонларнинг ҳаётига ҳам зарар етказилиши хавфи ортиб, уларнинг ўлимига сабаб бўлмоқда.
Жумладан, 2024 йил 15 май куни Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги «Жаннатмакон» МФЙ ҳудудига келиб қолган айиқ ИИБ ходимига жароҳат етказгани, мактабга кириб, ўқувчилар ҳаётига хавф солгани учун отиб ўлдирилди.
Шу боис бу каби ҳолатларнинг таҳлили, ёввойи ҳайвонларни табиий яшаш муҳитидан ўзга муҳитига тушиб қолганда, аҳоли пунктларига кириб қолганда уларни ҳимоя қилиш ва қутқариш, ветеринария ёрдами кўрсатиш ҳамда ёввойи ҳайвонлардан фуқароларнинг соғлиғи ва мол-мулкига зарар етказилишининг олдини олиш борасида давлат органлари ходимларининг ҳаракатларини мувофиқлаштириш, шунингдек бу каби ҳолатларда фуқароларнинг ўзларини қандай тутишлари билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилмоқда.
Маълумот учун, 2016-2024 йилларда Тяьн-Шань қўнғир айиғининг аҳоли пунктларига кириб келиши билан боғлиқ 6 та ҳолат содир бўлган.
Тянь-Шань қўнғир айиғи Ўзбекистоннинг Қизил китобига, Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқининг «Қизил рўйхати»га йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги тур сифатида ҳамда Йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги ёввойи фауна ҳамда флора турлари билан халқаро савдо қилиш тўғрисидаги Конвенция (СITES)нинг I Иловаси рўйхатига киритилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter