47 та «шароити оғир» туманларга вақтинчалик солиқ имтиёзлари бериш режалаштириляпти
Парламент Қуйи палатасининг бугун, 20 июнь кунги мажлисида Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга доир қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси билан республиканинг 11 та вилоятидаги 47 та «шароити оғир» бўлган туманлар учун вақтинчалик солиқ имтиёзларини бериш, фойдаланилмаётган объектлар эгаларига нисбатан мол-мулк ва ер солиғининг оширилган ставкалари қўлланилишини бекор қилиш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, кодексга киритиладиган тегишли ўзгартиш ва қўшимчалардан сўнг давлат органларига, муассаса ва ташкилотларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилган ва улар томонидан бошқа ташкилотларга ижарага берилган ерларни солиққа тортиш тартибини такомиллаштирилади.
Қолаверса, ерлардан кадастр ҳужжатлари мавжуд бўлмаган ёхуд ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилганидан каттароқ ҳажмда фойдаланилганда уй-жой эгалари учун уч карра оширилган ставкада ер солиғини ҳисоблаш тартиби қўлланишини тўхтатиб турилади. Ҳужжат билан электротехника тармоқ корхоналарининг ихтисослаштирилган марказларини қўллаб-қувватлаш орқали инновацион технологиялар жорий этилишини рағбатлантириш ҳам кўзда тутилмоқда.
Депутатлар қонун лойиҳасини биринчи ўқишда консептуал жиҳатдан қабул қилдилар.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter