2030 йилга бориб Ўзбекистонга 7 млрд куб метр сув етишмайди.
![2030 йилга бориб Ўзбекистонга 7 млрд куб метр сув етишмайди.](https://static.xabaruz.com/crop/4/1/720_460_95_4103171034.png)
Жорий йилнинг 28 апрель куни Тошкент шаҳрида «Сув ресурсларини комплекс бошқариш: қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш, Марказий Осиёда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш» мавзусида панель мунозараси бўлиб ўтди.
Мутахассисларнинг фикрича, 2040-2050 йилларга келиб сув ресурсларига талаб ортиб бориши жаҳон иқтисодиётида таркибий ўзгаришларга олиб келиши муқаррар. Жаҳон метеорология ташкилоти ҳисоботига кўра, 2050 йилга бориб Ер юзида 5 миллиарддан ортиқ одам у ёки бу даражада сув танқислигини бошдан кечиради.
Экспертлар Марказий Осиёда қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланиши ва озиқ-овқат хавфсизлиги учун сув ресурсларини комплекс бошқаришнинг аҳамиятини муҳокама қилишди.
Ўзбекистон сув хўжалиги вазири ўринбосари Азимжон Назаров сув ресурсларининг 80 фоизи бошқа мамлакатлардан оқиб келиши, атиги 20 фоизи мамлакатда ҳосил бўлишини таъкидлаган.
Унинг қўшимча қилишича, ҳозирда 30-40 йил аввал яратилган инфратузилмалар жиддий модернизацияни талаб қилади. Аҳоли сонининг ўсиб бориши натижасида ҳисоб-китобларга кўра, 2030 йилга бориб Ўзбекистонга 7 миллиард куб метр сув етишмайди.
Маълумот ўрнида, 7 миллиард куб метр сув тўлган 3.5 та Чорвоқ сув омборидаги сув ҳажмига тенг эквивалент қийматига тенг.
Boston Consulting Group бошқарувчи директори ва ҳамкори Игор Алексеэвга кўра, Ўзбекистондаги барча сув тежовчи технологиялар ва сув объектларини тўлиқ модернизация қилиш ташаббуслари учун 19 млрд доллар маблағ керак.
Шундан, 4 млрд доллар насос станциялари ва 6 млрд га яқини хўжалик субъектларига сув тежовчи технологияларни жорий этиш учун субсидияларга сарфланиши лозим.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter