2023 йил якунлари бўйича Ўзбекистоннинг давлат қарзи қарийб 35 млрд долларга етди
Давлат қарзи 2023 йил мобайнида 5,7 млрд долларга ўсиб, жорий йил 1 январ ҳолатига 34,9 млрд долларни ташкил этган. Бу ҳақда Spot нашри Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳисоботига таяниб маълум қилмоқда.
Ўсишнинг асосий қисми давлат ташқи қарзи ҳиссасига тўғри келиб (29,64 млрд доллар) , ўтган йил давомида унга 3,73 млрд доллар қўшилган. Ички қарз (5,29 млрд доллар) эса 1,97 млрд долларга ошган.
Давлат ташқи қарзи 29,6 млрд долларга тенг бўлиб, шундан қарийб 23,9 млрд доллари Ўзбекистон ҳукумати номидан, 5,7 млрд доллари эса давлат кафолати асосида жалб қилинган.
Ўз навбатида, давлат ички қарзи 5,9 млрд долларни ташкил этган ҳолда, шундан 3,5 млрд доллари давлат кафолатлаган ва ички мажбуриятлар ҳиссасига тўғри келади, қолган қисми эса давлат ғазначилик облигациялари ҳисобидан йиғилган.
Йил давомида давлат қарзининг ЯИМга нисбати 36,4 фоиздан 38,4 фоизга ошди (ХВЖ тавсия қилган даража 60 фоиз).
Шунингдек, давлат ташқи қарзининг асосий кредитори 6,6 млрд доллар билан Жаҳон банки бўлди. Ундан кейинги ўринларда эса Осиё тараққиёт банки (6,4 млрд доллар) ҳамда Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (2 млрд доллар) турибди.
Бундан ташқари мамлакат Хитой Эксим банкидан 1,9 млрд доллар, Хитой Давлат тараққиёт банкидан 1,4 млрд доллар, ОИИБдан 1,3 млрд доллар ва Ислом тараққиёт банкидан 0,9 млрд доллар жалб қилган. Корея Иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик жамғармаси ва ХВЖдан жалб қилинган қарз ҳар бири 0,8 млрд долларни ташкил этади.
Кейинги ўринларда Франсия тараққиёт агентлиги (0,7 млрд доллар), Япония халқаро ҳамкорлик банки (0,3 млрд доллар), ЕТТБ ва Европа инвестиция банки (жами 0,3 млрд доллар) туради. Яна 3,4 млрд доллар Ўзбекистон облигациялари эгаларидан келган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter