1927 йил: Хива хонлигига келтирилган илк автомобиль жумбоғи
1873 йил. Чоризм Хива хонлигини забт этгач, воҳага Москва ва Петербургдан хонлар миниши учун соябонли фойтун аравалар олиб келинди. 1886 йили илк бор хонликка келтирилиб, Феруз ва Исфандиёрхон маҳобат ила ўтирган фойтун арава ўша вақтда кўпчиликда ҳайрат уйғотган эди. Ёғочдан ясалган эшак ва от-аравага кўниккан оддий халқ учун темир ғилдиракли, соябони бор маҳобатли фойтун арава анча вақтгача қизиқиш манбаи бўлиб келди...
Ўша пайтда Феруз ва Исломхўжанинг Петербургга бориб, 1883, 1896, 1897, 1912 йилларда воҳага темир йўл олиб келишга уринганлари яхши маълум. Бироқ бу иш амалга ошмай, бошқа даврларга қолиб кетди. Биринчи автомобиль эса...
1913 йилда Хивада Исломхўжа ташаббуси билан тиббиёт маскани – шифохона қурилиб ишга туширилди. Бу ерда Москва университетини битказиб, Саратов губерниясида ишлаган шифокор Алексей Анисимов ва Фарғона вилоятида фельдшер акушер бўлиб ишлаган Умми Гулсум Асфандиёровалар фаолият кўрсатган.
Табобатга ва техника тараққиётига қизиққан Хива хони Исфандиёрхон уларга бор имконият ва шароитни яратиб берди. Анисимов учун бир йилга 9 минг рубль маош, миниши учун от-арава, Умми Гулсумга эса 4 минг рубль ойлик, от-арава ажратилди. Шу билан бирга, Исфандиёрхон гарчи ўзи фойтун аравада юрса-да, техникага ўта қизиққани учун ва беморларга, хусусан, Анисмов ва Умми Гулсумга қулай бўлсин, деб Хоразмга автомобиль олиб келишга интилди.
1914 йилнинг 25 ноябр куни Исфандиёрхон Петербургдаги империя маҳкамасига хат ёзиб, жароҳатланганларга тиббий ёрдам кўрсатиш учун автомашина юборишни сўради. Бу иш империянинг ташқи ишлар коллегиясида кўриб чиқилиб, хориждаги қайси автомашина ишлаб чиқарадиган фирма маҳсулотининг Хоразмда юришга қулайлиги ўрганилди. Кейин коллегия Исфандиёрхон мактубини асос қилиб, Франциянинг «Рено» фирмасига мурожаат қилди.
Француз фирмаси раҳбарияти Россия ташқи ишлар коллегиясига 1915 йилнинг 11 февраль куни кўзланган мақсад учун автомобиль юборишни маъқул топганини айтиб, машинанинг қанча пул туришини ҳам маълум қилди.
Бундай жавобдан қувонган Ифандиёрхон Россия ташқи ишлар коллегияси орқали Франциянинг «Рено» фирмасига хонлик хазинасидан тилло баробарида 10.000 рубль пулни дарҳол ўтказиб берди. Пулни олган «Рено» Исфандиёрхон номига 1915 йилнинг 20 февралида юборган жавоб хатида автомашина Хоразм томон йўлга чиққанини маълум қилди.
Исфандиёрхон интизорлик билан кутган «Рено» маркали автомашина Хоразмга келиб, шифохонада Анисимов ва Асфандиёровалар хизматида бўлган-бўлмаганлиги, умуман, хонликка автоулов келгани тўғрисида эса ҳозирча бошқа бирор тарихий ҳужжат йўқ. Эҳтимол, Париждан йўлга чиққан автомашина биринчи жаҳон уруши авжига чиққан 1915 йилда Россияда туриб қолиб, уни узоқ хонликка олиб келиш имконияти бўлмагандир?
Орадан йиллар ўтиб, «Инқилоб қуёши» газетасининг 1927 йил 1 июль сонида берилган хабарда «Франциядан сотиб олинган автомобиль 24 июнда Чоржўйдан йўлга чиқиб, 26 июнда Хивага келди. Соатига 25–40 км йўл юриб, 46 соатда Хоразмга кирган ушбу автомобиль воҳага келтирилган биринчи машина эди», дейилади.
1927 йилда Хоразмга Франциядан сотиб олинган автомобиль Исфандиёрхон интизорлик билан кутган машинадир балки? Унда ўтган 12 йил давомида машина қаерда эгасини кутиб ётган экан? Эҳтимол 1927 йилдаги машина мутлақо бошқа автоуловдир?! Умуман, 1927 йилдаги машинани ким биринчи бўлиб ҳайдаган, қайси шахс ёки идора унга эгалик қилган? Унинг тақдири қандай бўлган?
Хуллас, саволларнинг ўзи масалага ойдинлик кирита олмайди. Бунга аниқликни тарихий ҳужжатларни ўрганиш натижасида тадқиқотчилар киритиши мумкин. Энг асосийси эса, Хива хонининг 1914 йилда ўзи миниши учун эмас, беморлар ва шифокорлар учун олис Оврўпадан машина сўратгани унинг тараққийпарвар инсон бўлганини кўрсатади.
Умид БЕКМУҲАММАД,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter