Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

10 ойда 18 млрд сўмдан ортиқ смартфонлар чегарада ушлаб қолинган

10 ойда 18 млрд сўмдан ортиқ смартфонлар чегарада ушлаб қолинган

Божхоначилар йирик миқдорда уяли телефонларни юртимизга ноқонуний олиб кирилишини фош этишди.

Маълум қилинишича, Фарғона вилояти божхона бошқармаси вилоят ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда Фарғона туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида, фуқаро Ё.И. бошқарувидаги «Мерседес Бенц» русумли юк автотранспорт воситаси тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилган.

Натижада, автотранспорт воситасининг юкхонасидаги махсус ясалган хуфиёна қисмида, тегишли ҳужжатлари бўлмаган  умумий қиймати 1 млрд. 13 млн. сўмлик 19 турдаги жами 484 дона уяли алоқа воситалари борлиги аниқланди.

Яна бир ҳолатда, Фарғона вилояти божхона бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Водил туманида «Captiva» автомашинаси кузатувга олинади.

Кузатувга тушганини сезиб қолган ҳайдовчи зудлик билан машинадаги товарларни йўл четидаги гулзор орасига ташлаб, яширинади.

Мазкур товарлар белгиланган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилганида, ушбу товарлар умумий қиймати 621 млн. сўмлик 9 турдаги 270 дона уяли алоқа воситалари эканлиги аниқланди.

Шунингдек, Наманган вилояти божхона бошқармаси ДХХ вакиллари билан ҳамкорликда Поп туманида ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро И.Б. бошқарувидаги «Cobalt» автомашинаси тўхтатилиб кўздан кечирилганида, автомашина салонидаги  синтетик қопда хорижда ишлаб чиқарилган 4 турдаги жами 138 дона уяли алоқа воситалари борлиги аниқланди. Тезкор тадбир давом эттирилиб, Наманган шаҳрида фуқаро Х.М.нинг яшаш хонадони белгиланган тартибда кўздан кечирилганида, бу ерда ҳам  худди шу турдаги телефонлардан 17 донаси борлиги аниқланди.

Наманган вилоятида ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида тегишли ҳужжатлари бўлмаган умумий қиймати 503 млн. 750 минг сўмлик 155 дона уяли алоқа воситалари ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

ДБҚ берган маълумотларга кўра, божхона ходимлари жорий йилнинг ўтган даври мобайнида аниқланган 327 та божхона қонунбузилиши ҳолатларида қиймати 18,6 млрд сўмлик 12 минг 548 дона уяли алоқа воситаларининг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйишган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг