Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Водиллик фуқаро ҳовлисидан бир кўза танга топди

Водиллик фуқаро ҳовлисидан бир кўза танга топди

Фото: «Ok.ru»

Фарғона музейига Фарғона тумани Водил қишлоғидан А.Ҳамролиев мурожаат қилиб, ҳовлисидан бир сопол кўзада тушунарсиз тангалар топилгани тўғрисида хабар берди, деб ёзмоқда «ЎзА».

Фарғона вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи директори Баҳодир Ҳошимовнинг айтишича, тақдим қилинган ашёларни кўздан кечирган музей ходимлари сопол кўза тахминан XVI-XVII асрларга тааллуқли эканини билдиришган. Бироқ, кўзанинг сирланмагани, анъанавий усулда ишлангани ва бу усулдаги идишлар ўрта асрлардан сўнгги хонликлар давригача кенг тарқалгани унинг аниқ санасини белгилашда қийинчилик туғдирди.

Кўзанинг яна бир характерли томони шундаки, унинг марказидан иккита йўл-йўл чизиқ туширилган бўлиб, устидан тўлқинсимон тилма чизиқлар юргизилган. Бу усулда ясалган идишларни Қорахонийлар даврида ҳам кузатиш мумкин. Ҳатто темурийлар даврида ҳам рангсиз сопол идишга шу усулда шакл бериш одати бўлган. Кўза дастакли бўлган. Дастак қадимги даврлардаёқ синиб кетган кўринади. Синган жойининг эскилиги шундан далолат беради. Афсуски, идишнинг қолган қисми тўлиқ сақланмаган. Шунга қарамай, идиш шаклидан унинг тахминий санасини фараз қилса бўлади.

Идиш ичидаги тангалар эса мисдан зарб қилинган бўлиб, диаметри 8-13 мм. Жами 438 дона тангада аниқ ёзув йўқ ёки бўлса ҳам улар деярли кўринмайди. Кўпгина тангаларда турлича геометрик шакллар мавжуд. Айрим тангаларда араб имлосидаги «хон», «он» каби ёзувларни ўқиш мумкин. Аксарият тангаларда фақат бир ҳарф – «алиф», «вов», «мим» кабилар кўринади, холос. Бир-иккита тангада пала-партиш ёзув ҳам учрайди. Лекин уларни умумлаштириб ўқишнинг имконияти йўқ эди. Қизиғи шундаки, тангалар орасида зарб қилинмаган 5-6 мм.ли кесилган мис сим бўлаклари ҳам сақланиб қолган, улар тангалар учун хомашё экани кўриниб турибди.

Мутахассис қўлимиздаги коллекция ва унга ўхшаш бошқа типдаги тангаларни ўрганиб чиқиб, шундай хулоса қилади:

Биринчидан, мазкур тангалар Фарғонанинг ўзида, Андижон ёки Қўқонда шу ерлик амалдор томонидан тахминан XVII аср ўрталарида зарб қилинган ва муомалага киритилган. Чунки бу даврдаги Фарғона шаҳарлари орасида Андижон қадимий маъмурий шаҳар сифатида ҳали мавқеини йўқотмаган эди. Қўқон эса мавқеини кун сайин ошириб, атрофдаги бошқа ҳудудларга ўз таъсирини кучайтира бошлаган эди. Агар тангалар Қўқонда зарб қилинган бўлса, бу унинг XVII асрдаёқ давлат сифатида шаклланаётганига гувоҳлик беради. Қолаверса, тангалардаги «хон», «он» каби жумлаларнинг учраши ҳам Қўқонга ишора қилади. Агар Андижонда зарб қилинган бўлса, Фарғона водийси ҳали-ҳамон Бухоро таъсирида бўлганидан далолатдир.

Ҳар икки ҳолатда ҳам тангаларни синчиклаб тадқиқ қилиш зарурати туғилади. Ушбу тангаларнинг аниқ сана ё усулга тортилмаётгани Фарғона водийсининг XVII асрдаги ижтимоий-сиёсий ҳаёти ҳалигача чуқур ўрганилмаганини яна бир бор кўрсатади. Тарихчиларимиз темурийлар, шайбонийлар ва, айниқса, Қўқон хонлиги даври тарихини пухта ўрганишган. Бироқ, Фарғонанинг Аштархонийлар давридаги ва, айниқса, XVII асрдаги тарихи жуда юзаки ўрганилган. Бизга тақдим этилган коллекция эса ўша даврнинг тилсиз гувоҳидир.

Иккинчидан, тангаларнинг қўпол, тартибсиз ва турли шаклга эга эканига асосланиб, улар зарб ишини тўла ўзлаштирмаган уста томонидан, зарбхонага мослаштирилмаган шароитда, эҳтимол, қадимий тангалар қолипидан фойдаланган ҳолда, ўз даврининг майда пул бирликларига тақлидан зарб қилинган, дейиш мумкин. Юқорида айтилганидек, темурийлар давридаги танга (фулс)лар ҳажм жиҳатидан ушбу тангалардан уч марта катта. Айтмоқчимизки, биздаги тангаларнинг мис бўлаклари темурийлар давридаги танга қолипига уч-тўрт донадан солиб зарб қилинаверган. Шу сабабдан тангалардаги шакллар тушунарсиз кўринмоқда. Фақат айрим элементлар темурийлар тангасини эслатади. Унда учраётган бошқа шакллар эса темурийлардан кейин ўтказилган пул ислоҳотлари натижасидир.

Юқоридаги фикрлардан келиб чиқиб, Фарғона музейининг янги коллекцияси халқимиз тарихининг ҳали ўрганилмаган қирраларини очиб беришга хизмат қиладиган ноёб коллекция, дейиш мумкин. Энди соҳа мутахассисларини уни изчил ўрганишга даъват этиб қоламиз. Ушбу топилманинг аниқ илмий таснифи тарихимизнинг айрим саҳифаларига ойдинлик киритишига аминмиз, — дея қайд этган Баҳодир Ҳошимов.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг