«Уммул Хамса»нинг ўзбекистонлик таржимони тақдирланди
Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол Озарбайжон Республикаси маданият вазирлиги таъсис этган «Низомий Ганжавийнинг 880 йиллиги» махсус нишони билан тақдирланди. Низомий Ганжавийнинг «Хамса»сини юксак маҳорат билан ўзбек тилига ўгирган забардаст таржимоннинг меҳнати шу тариқа эътироф этилган.
Махсус нишонни Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази раҳбари Самир Аббосов Жамол Камолнинг уйига ташрифи пайти тақдим этар экан, «Хамса»ни тарихда илк бор ўзбек тилига таржима қилган ижодкорга қардош ўлка номидан миннатдорлик билдирган.
Низомий Ганжавий (1141-1209) «Маҳзан ул-асрор», «Хусрав ва Ширин», «Лайли ва Мажнун», «Ҳафт пайкар» ва «Искандарнома» каби беш достондан иборат «Хамса»си билан дунё адабиётида янги ижодий анъанани бошлаб берган. XIII асрдан форсий ва туркий адабиётларда унга жавобан «Хамса»лар ёзила бошлаган. Шарқнинг кўплаб улуғ шоирлари Низомий Ганжавийни ўзига устоз деб билган. Хусусан, Алишер Навоий «Насойим ул-муҳаббат»да уни шайхлар қаторида зикр этган.
«Хамса»нинг туркий тилларга таржимаси XIV асрдаёқ бошланган. Жумладан, Қутб Хоразмий «Хусрав ва Ширин» достонини туркийга ўгирган. Ҳайдар Хоразмий «Махзан ул-асрор»га жавобан «Гулшан ул-асрор» достонини битган. Муҳаммадризо Огаҳий эса «Ҳафт пайкар»ни насрий таржима қилган.
Орадан тўққиз аср ўтиб, жаҳон адабиёти хазинасидан муносиб ўрин олган асарни тўлиқ ўзбек тилига ўгиришдек машаққатли вазифани Жамол Камол уддалай олди. Соҳа мутахассислари буни адабиётимиздаги тарихий воқеа деб баҳоламоқда.
«Озарбайжон маданият марказининг таклифи ва ёр-дўстларнинг ташвиқоти билан оғир юкни елкамга олдим. Биласиз, Шайх Низомий Ганжавийнинг «Хамса»си – Шарқ адабиётида хамсачиликни бошлаб берган асар. «Уммул Хамса» деган шуҳрати бор, яъни «Хамса»ларнинг онаси. Буюк бобомиз Алишер Навоий «Хамса»си ҳам ана шу китобга пайров қилиб яратилган. Ҳазратнинг ўзлари буни алоҳида таъкидлаганлар. Шундай асар таржимаси менга насиб этгани учун Худойимга шукроналар айтаман”, – дейди Жамол Камол.
83 ёшни қаршилаган забардаст ижодкор аввалроқ «Ҳуррият» нашрига «Хамса» таржимаси қандай кечгани ҳақида батафсил ҳикоя қилиб берган эди.
Эслатиб ўтамиз, Ҳайдар Алиев номидаги Маданият маркази буюртмаси билан таржима қилинган «Хамса» китоби тақдимоти жорий йил ноябрь ойида Боку шаҳрида ҳам ўтказилган.
Атоқли шоир ва мутаржим Жамол Камол Мавлоно Жалолиддин Румийнинг олти китобдан иборат «Маснавийи маънавий» мажмуасини, Шайх Фаридуддин Аттор асарларини, Абдураҳмон Жомийнинг ғазаллар китобини, Шайх Маҳмуд Шабустарийнинг «Гулшани роз» асарини, озарбайжон шоири Бахтиёр Ваҳобзоданинг Муҳаммад Фузулий ҳақидаги «Шабиҳижрон» достонини таржима қилган. Шунингдек, у буюк инглиз драматурги Вильям Шекспирнинг ўндан ортиқ асарларини бевосита инглиз тилидан, Александр Пушкиннинг «Моцарт ва Сальери», Ян Райниснинг «Олтин тулпор», Бартольд Брехтнинг «Сичуандан чиққан меҳрибон» асарларини рус тилидан она тилимизга ўгирган.
Ж.Камол таржима соҳасидаги ютуқлари учун Туркия Республикаси маданият вазирлигининг «Румий» олтин медали, Эрон Ислом Республикасининг давлат мукофоти билан тақдирланган. 2017 йилда эса унга Евросиё университети фахрий доктори унвони берилган.
С.Салим
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter