Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Учинчи марта ҳажга отланган бойга эслатма: нафл ҳаждан кўра савоби улуғроқ амал борлигини билмайсизми?

Учинчи марта ҳажга отланган бойга эслатма: нафл ҳаждан кўра савоби улуғроқ амал борлигини билмайсизми?

Ислом оламида эҳтиром қозонган шайх Муҳаммад Ғаззолий (1917–1996) қаламига мансуб ўнлаб китоблар дунё тилларига таржима қилинган.

Исломшунос олим Мубашшир Аҳмад ижтимоий тармоқдаги саҳифасида мисрлик атоқли уламо, шайх Муҳаммад Ғаззолийнинг «Исломий ҳаёт йўлидаги муаммолар» китобидан бир парчани чоп этди.

Марҳум аллома бугунги кунда мусулмонлар йўл қўяётган жиддий хатолардан бири хусусида сўз юритади. Қуйида ўша парча билан танишишингиз мумкин.

Учинчи марта нафл ҳаж (биринчи фарз ҳаж адо этилгандан кейинги ҳажлар фарз эмас) қилишни мақсад қилиб, фарзи кифояга бефарқ бўлган кишидан «Ҳаж қилишингиз учун қанча маблағ кетади? Минг жунайҳ кетадими?» деб сўрадим.

У киши «Ҳа, ундан ҳам кўпроқ кетиши мумкин», деб жавоб берди.

Мен унга «Сизни бундан ҳам афзалроқ ишга далолат қилайми? Фалончи яқинда доришунослик (фармацевтика) билим юртини тамомлади. Лекин оиласи моддий жиҳатдан қийналган. Шу билан бирга жамият инсофли, ҳалол доришуносга муҳтож. Қўлингиздаги мана шу маблағни шу битирувчига берсангиз, ҳам ўз ҳаётини яхшиларди, ҳам жамиятга фойдаси тегарди. Сиз учун эса қиладиган нафл ҳажингиздан кўра савоби улуғроқ бўларди», дедим.

Суҳбатдошим менга қараб «Шу гапни сиз гапиряпсизми?!» деди ҳайрат билан.

«Агар шу айтганимга амал қилсангиз, мақсад қилган нафл ҳажингиз ўрнига фарзни амалга оширган, жамиятнинг бир кемтигини ёпган бўласиз», дедим унга.

У эса ҳамон ҳайратини яширолмай, «Ҳаждан воз кечиб, дорихона очишга ёрдам бериш!.. Бу қанақаси?!» деб фикримни ўзига сингдира олмади.

Мусулмонларнинг кўп қисми ўз жамиятларидаги фожиа ва муаммоларнинг кўламини, бугуни ва эртасига таҳдид солиб турган қолоқликнинг даражасини англаб етмайдилар. Шунинг учун динга кўр-кўрона, илмсиз амал қилиб келмоқдалар.

Бошқа бир жиҳатдан олиб қарайдиган бўлсак, фуқаҳолар айтишадики, «Аллоҳ таоло фарз адо қилинмагунча нафлларни қабул қилмайди. Адо этиш жиҳатидан фарзи айн ва фарзи кифоя баробар. Бири иккинчисидан кам эмас». Шунинг учун мен айтаманки, нафл ибодатлар кишини вожибдан тўсиб қўйса, яъни нафлни бажариш натижасида вожиб қолиб кетса, унда нафлнинг ўрни  йўқ.

Масалан, нафл рўза тутиш ўқитувчини дарсда тўлиқ куч билан, рисоладагидек ишлашига халал берса, унга нафл рўза тутиш лозим бўлмайди. Худди шу каби бирор бир нафл амал табибнинг беморларни кўнгилдагидек муолажа этишдан ожиз қилса ёки амалиётидаги (операциядаги) камчиликларга сабаб бўлса, ана шу нафл амални бажармаслиги лозим.

Зеро, Аллоҳ таоло жиҳодга ҳаракат қилаётган кўплаб мусулмонларнинг зиммасидан кечаларни  қоим қилиш ёки туни билан Қуръон ўқиш каби амалларни соқит қилди.

«Муззаммил» сурасида айтадики: «Аллоҳ кечаю кундузни Ўзи ўлчайди. У сизлар чидай олмаслигингизни билиб, сизларга енгилликни қайтарди. Бас, энди Қуръондан муяссар бўлганингизча ўқинглар. Келажакда сизлардан касаллар бўлишини ҳам билди. Бошқалар ер юзида юриб Аллоҳ йўлида фазлини (ризқини) ахтаришини, яна бошқалар эса Аллоҳ йўлида жиҳод қилишларини билди. Шундай экан ундан (Қуръондан) муяссар бўлганча қироат қилинг».

Яна бир далил келтирамиз. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга нафл рўза тутмаслик тавсия қилинган эди. Чунки Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан одамлар Қуръон ўрганишарди. У киши рўзадор бўлсалар Қуръон тиловати ва таълимида ҳафсаласизликка йўл қўйишлари мумкин эди.

Хулоса шуки, фарзи айн ва фарзи кифоя ибодатлар шахсни тарбиялаш ёки жамиятнинг юксалиши учун восита бўлиб, ақлли мусулмон қайси амал ўзи учун зарурий, жамиятга фойдали эканини англаши ва ўша амалга киришиши лозим. Икки солиҳ амал баробар келганда вожиброғини, яъни манфаатлироғини танлаши керак.

Демак, бой кишига энг аввало муҳтожларга ёрдам бериши, инфоқ-эҳсон қилиши вожиб бўлади. Агар бой кишининг инфоқ-эҳсон қилишига халал берса, тунларни қоим қилиб, кундузлари нафл рўза тутиши мумкин бўлмайди.

Фақиҳ олим киши эса энг аввало насиҳат, умумий ва хос таълим билан машғул бўлмоғи даркор. Эътикоф ўтириш, амру маъруф, наҳий мункар қилмай сукут сақлаб туриш фақиҳ олим учун нотўғри ҳисобланади. Аксинча, жамиятга аралашиб, ундаги муаммолардан, фитна ўринларидан халқни огоҳлантириши лозим бўлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг